Тарих, маданият ва дўстликни бирлаштирган учрашув
Бухоро шаҳрида архив иши соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган нуфузли тадбир бўлиб ўтди. Унда Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикаси Архив иши бўйича Давлат қўмитаси раиси Гулнара Габдрахманова бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Мазкур ташриф нафақат архив соҳасидаги ҳамкорлик, балки тарихий хотирани асраш ва миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Ташриф доирасида Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида жойлашган Татар миллий-маданий маркази Бухоро вилояти бўлимида амалий учрашувлар, мулоқотлар ва маданий тадбирлар ташкил этилди. Айниқса, “Оила тарихида асрлар садоси – Тарихта без эзлебез” мавзусидаги давра суҳбати иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ушбу учрашувнинг асосий мақсади оила шажарасини ўрганиш, авлодлар изчиллигини сақлаш, миллий қадриятларни тарғиб қилиш ва турли миллат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон фуқаролари, Татаристон Республикаси аҳолиси билан қариндошлик ришталари мавжуд бўлган оилалар ҳамда юртимизда фаолият юритаётган татар диаспораси вакиллари ушбу ташаббусларда фаол иштирок этди.
Тадбир доирасида бой маданий дастур ҳам намойиш этилди. Татар ва тожик миллий-маданий марказлари томонидан тайёрланган миллий қўшиқ ва рақслар, анъанавий либослар намойиши қатнашчиларда илиқ таассурот қолдирди. Шунингдек, миллий ширинликлар ва таомлар кўргазмаси орқали халқларнинг ўзига хос маданий мероси кенг намоён этилди.
Учрашувлар жараёнида архив соҳасида рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, ҳужжатларни сақлаш, соҳада замонавий технологияларни жорий қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ва тажриба синовларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашди.
Тадбир якунида иштирокчилар бундай мулоқотлар халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, тарихий меросни асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга безавол етказишда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
Бухоро вилояти давлат архивида “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов ҳамда Татаристон Республикаси Архив иши бўйича давлат қўмитаси раиси Гулнара Габдрахманова ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги тарихий алоқаларни акс эттирувчи архив ҳужжатлари нусхаларини ўзаро алмашиш маросими ташкил этилди. Мазкур ҳужжатлар икки ҳудуд ўртасидаги маданий, ижтимоий ва тарихий муносабатларни ёритишда муҳим манба ҳисобланади.
Томонлар архив соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда тарихий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, архив соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
[gallery-28919]
Шунингдек, “Шажара (генеалогия)” мавзусига бағишланган қўшма давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчилар насл-насабни ўрганиш, генеалогик тадқиқотларни ривожлантириш, архив ҳужжатларининг бу борадаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, шажара тузишнинг замонавий усуллари, архив материалларидан самарали фойдаланиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларининг аҳамияти муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари Бухоро вилояти Когон шаҳар давлат архивида ҳам бўлди. Мазкур ташриф архив соҳаси бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келгусидаги қўшма лойиҳалар учун муҳим замин яратади.
Шунингдек, меҳмонлар кўҳна ва боқий Бухоронинг бетакрор тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва маданий мероси билан яқиндан танишиб, шаҳарнинг бой тарихи ва замонавий тараққиётига юксак баҳо берди.
Мазкур учрашув архив соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, маданиятлар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш ва умумий тарихий меросни асраш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари