Салоҳиятли кадрлар юртимиз равнақи
Фармон ва ижро
Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Соҳанинг масъул ходимлари, экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишнинг очиқ ҳамда шаффоф тизимини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, соҳадаги ислоҳотлар замирида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган иккита муҳим ҳужжат – Президентимизнинг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 21 октябрдаги “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу фармонлар билан давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда инсон омилини истисно этиш, кадрлар селекциясини фақат билим ва малака (меритократия) тамойили асосида йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини оширишнинг янги механизмлари белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг фармони ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомида белгиланган 33 та ҳудудда, жумладан, Қўнғирот ва Чимбой туманларида янги бошқарув тизими жорий этилди. Мазкур тизим доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Маданият вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлинмалари тўғридан-тўғри ҳокимликлар тузилмасига ўтказилди. Ушбу ўзгаришлар ҳудудларда қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ва масъулиятни аниқлашга хизмат қилмоқда.
Мазкур туманларда комплекс таҳлиллар ўтказилиб, маҳаллалар кесимида ички имкониятлар аниқланди. Натижада иқтисодий, ижтимоий, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма соҳаларида жами 108 та амалий таклиф ишлаб чиқилди.

Ҳокимликлар тизимида фаолият юритаётган кадрларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ходимлар учун Хитой, Латвия ва бошқа давлатларга стажировкалар ташкил этилди. Барча шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари учун малака ошириш курслари ўтказилди.
Ҳозирда, ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотларида жами 4 минг 952 нафар давлат фуқаролик хизматчиси фаолият юритмоқда. 2025 йил давомида 35 та вазирлик ва идора, 17 та шаҳар ва туман ҳокимлиги томонидан 1 минг 942 та вакант лавозим эълон қилинди. Ушбу лавозимларга 66 минг 389 нафар номзод ҳужжат топширган. Бунда бир ўринга ўртача 32 нафар номзод тўғри келди. Шундан 1 минг 823 та лавозим бўйича танлов якунланди ва 119 та лавозим бўйича жараён жорий йилда давом этмоқда.

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.