Тарихий хотирасиз келажак йўқ
Дарҳақиқат, ўз тарихини билмаган халқ таназзулга маҳкумдир.
Амир Темур таваллудининг 684 йиллигига
Дарҳақиқат, ўз тарихини билмаган халқ таназзулга маҳкумдир. Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритганидан кейин юртимиз, халқимиз тарихини чуқур ўрганиш асосий масалалардан бирига айланди.
Амир Темур бобомиз ўзбек давлатчилиги тарихида ўзига хос ўринга эга бўлган шахслардан биридир. Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Айни пайтда юртимизда эълон қилинган карантин вақтидан унумли фойдаланган ҳолда, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи француз ёзувчиси Марсель Брюннинг "Мен жаҳонни очган Темурман" романини, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарларини мутолаа қилаяпман. Бу асарларда буюк бобокалонимиз томонидан амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилади. Жумладан, “Бобурнома”да муаллиф Амир Темур номини отаси Умаршайх Мирзо билан боғлиқ баёнлар муносабати билан тилга олиб, то Деҳли ва Агра шаҳарларида кечган воқеалар тасвиригача у билан бирма-бир таништириб борган.
“Темур тузуклари" эса бугунги кунда ҳам ўз қиммати ва қийматини йўқотган эмас. Ундаги фикрлар бугунги кунга ҳам мос келади. Асарда давлат тизими, турли лавозимларнинг вазифаси, ундаги турли тоифалар ва уларга муносабат, қўшинларнинг тузилиши, тартиби, уни бошқариш, таъминлаш, рағбатлантириш, қўшин турларининг тутган ўрни ва ўзаро муносабати каби масалалар баён этилади.
“Куч – адолатдадир”. Адолат бор жойда ривожланиш, тўкинлик ва юксалиш бўлади.
Амир Темур бобомиз ўз даврида бунёдкорлик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратганларки, бугун ҳам биз авлодлар бобомиз қурдирган иморатлар билан мудом фахрланамиз. Ва, ўз навбатида, аждодларга муносиб авлод сифатида юртимизда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқдаки, беихтиёр “Бизнинг қудратимизни кўрмоқчи бўлсанг, биз қурдирган иморатларга боқ”, дегинг келади.
Хуллас, Амир Темур бобомиз шижоати, у қолдирган мерос биз авлодларни юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилишга ундайверади.
Илҳом РАЖАБОВ,
Ўзбекистон "Миллий тикланиш"
демократик партияси Навоий вилояти
Кенгаши раиси.