Тарих, тақдир, келажакка айланган она тилим
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан – она тилим“ номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан – она тилим“ номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар жам бўлган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонида белгиланган вазифалар ижросига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Алиназар Эгамназаров, “Овози тожик“ газетаси бўлим муҳаррири Тўхтамиш Тўхтаев, таниқли шоира Зулфия Мўминова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан она тилимиз равнақига кўрсатилаётган эътибор миллий адабиётимиз, таълим-тарбия, маънавият соҳасидаги ибратли ислоҳотларнинг таркибий қисми эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган фармон она тилимизнинг нуфузини тобора юксалтиришда янги имкониятларни очиб беради. Ўтган ўттиз йил давомида ўзбек тили мустақил юртимизда тотувликда истиқомат этаётган барча миллат ва элатларнинг она тили бўлишга улгурди.
Бугунги глобаллашув даврида она тилимизни наинки сақлаб қолиш, балки уни янада тараққий эттириш, замон талаблари асосида бойитиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Тадбирда атамаларни тизимлаштириш, уларни бир-бирига мослаштириш, ҳаётга кириб келаётган янги тушунчаларни англатувчи сўзларни тўғри танлаш муҳимлиги таъкидланди.
Тилни ўрганиш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш мактаб, таълим-тарбия, китобхонлик маданияти, мутолаа жараёни билан бевосита боғлиқдир. Шу маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан буюк аллома шоир ва мутафаккирлар, миллий адабиётимиз фидойилари, бугунги кунда самарали ижод қилаётган ёзувчи ва шоирлар ижодини акс эттирувчи китоблар мунтазам нашр этилиб, жойлардаги мактаблар, кутубхоналар, ахборот-ресурс марказларига, маҳаллаларга тақдим этиб келинмоқда.
Тадбирда уюшма ташаббуси билан чоп этилган бир қатор янги нашрларнинг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.