Тараққиётнинг янги манзараси: Андижонда қад ростлаётган янги корхоналар ва ўзгараётган ҳаёт
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳар бир вилоят, туман ва маҳалла ҳаётида сезиларли ўзгаришлар юз бериб, инсон манфаатлари барча саъй ҳаракатларнинг марказида турибди. Ана шундай эзгу анъана ва бунёдкорлик руҳи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига қилган навбатдаги ташрифида яққол намоён бўлмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган 2025 йилнинг 15-16 апрель кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Ушбу устувор вазифалар ижроси ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартириб, инфратузилмани янада яхшилашда муҳим қадам бўлди.
Жумладан, вилоятда 2025 йилда 1 минг 430 километр йўллар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 688,7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, 22,8 миллиард сўмлик ишлар бажарилиб, 12 та кўприк таъмирланди. Жорий йилда эса 1 минг 205,7 километр узунликдаги йўлларда реконструкция ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, январь-август ойларининг ўзида 716 миллиард сўмлик йўл ишлари бажарилди ва 1 минг 79 километр автомобиль йўллари реконструкция қилинди ҳамда таъмирланди.

Шу билан бирга, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутувчи коммунал соҳада ҳам улкан натижаларга эришилди. Ўтган йили вилоят бўйича 218 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 22 та сув иншооти, 3 та оқова сув иншооти, 63 дона сув қудуғи қурилди. Бу ишларни амалга ошириш учун 160,7 миллиард сўм маблағ сарфланиб, натижада вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 92,4 фоизга етди.
Андижонда бошланган истиқболли лойиҳалар изчил давом эттирилиб, бугунги кунда ҳудудда тадбиркорлик ва инвестициялар учун яратилаётган қулай шароитлар саноат тармоқларини ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, 23 сентябрь куни Президентимиз иштирокидаги маросимда умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион долларлик 206 та лойиҳа қамраб олиниб, улардан 2 миллиард 50 миллион долларлик 98 таси ишга туширилди, 7 миллиард 350 миллион долларлик 108 та объектнинг қурилиши бошланди. Энергетика, тўқимачилик, машинасозлик, таълим ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларни қамраб олган ҳамда вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманини ўз ичига олган мазкур ташаббуслар натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти шаклланиши таъминланади.

Бу каби масштабли бунёдкорлик ва инфратузилма янгиланишлари қаторида ҳудудда саноат тармоқлари ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Андижон туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Eco Cotton” корхонаси фаолияти билан танишди. Пахта толасини чуқур қайта ишлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор ижроси доирасида барпо этилган мазкур муассасага тадбиркор томонидан 10 миллион доллар сармоя киритилиб, 1 мингта доимий иш ўрни яратилди. Корхона тўлиқ қувват билан ишлаганда давлат бюджетига йилига 25 миллиард сўм тушум келтириши кутилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш ва адирликларни ўзлаштириш сиёсатининг яққол намунаси сифатида Хўжаобод туманидаги “Андижон технопарки” лойиҳасини келтириш мумкин. Адирликларни ўзлаштириш ҳисобига ажратилган 100 гектар майдонда 51 та саноат корхонасини жойлаштириш режалаштирилган.

Технопаркда Хитойнинг “Sanchuan” ҳамда “Huawei” компаниялари ҳамкорлигида қиймати 25 миллион долларлик “ақлли” сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. Бу ердаги жараёнларнинг 80 фоизи роботлаштирилган бўлиб, йилига 1 миллион дона замонавий ҳисоблагичлар тайёрланади. Бу эса сув ресурсларини тежаш ва тизимни рақамлаштиришда муҳим қадам бўлади.
Вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва янгиланишлар биз, депутатлар зиммасига ҳар қачонгидан ҳам улкан масъулият юклайди. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор ва амалга ошаётган эзгу ишларнинг ижросини яқиндан қўллаб-қувватлаб, юртдошларимизнинг розилигига эришиш – энг асосий вазифамизга айланади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА