Тараққиёт мактаб остонасидан бошланади...
“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деди Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида.
Бу фикр эса, ўз-ўзидан кишиларимизнинг дунёқарашини ўзгартириш вақти келганлиги, таълимдаги ислоҳотларни айнан мактаб остонасидан бошлаш лозимлигини англатади.
Замон шиддати бугун бизни тараққиёт йўлидан анча ортда қолдирганини тан олиш лозим. Бу хулоса оғриқли бўлса-да ҳақиқат. Кўп орзуларга берилдик, катта ишларни бошладик, олий таълимдан кўп нарсаларни кутдик. Аммо аксарият ишларимиз кутилган натижани бермади. Саводхонлик даражамизни бошқа бефойда билимлар эвазига кўтаришга интилган бўлсак-да бу билан дунёни лол қолдириш мумкин эмаслигини, мактаб таълимини бироз бошқачароқ усуллар билан кучайтириш, замонага мослашишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Нега биз ҳаётда қийналяпмиз?
Билимсизлигимиз, замонавий илмларни эгаллашдан ортда қолганимиз, бор диққат-эътиборимизни майда-чуйда маиший муаммоларга қаратганимиз учун эмасми? Инсон табиатида табиий эҳтиёж бор, қорин тўйдириш, кун ўтказиш керак. Лекин яна бир ҳақиқат ҳам борки одам фақат кун ўтказиш учун яшамайди, у ривожланиб бориши, ўсиши керак. Ана шунда эртанги куни бугунгидан яхшироқ бўлади.
Ҳаёт мактабида одамлар яшашга мослашган бўлиши керак. Боши “тирикчилик” ташвишидан чиқмайдиган оилаларда Берунийлар, Ибн Синолар, Ал-Хоразмийлар яна туғилиши мумкиндир, аммо уларнинг иқтидорини кўра олмасак, уларни тарбия қилмасак, ҳаётимизда бундан кейин ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Буларнинг барчаси аввало мактаб таълимига боғлиқ.
Ўтган аср 90-йилларнинг бошида Россияда шундай вазият бўлганди. Сиёсий тизим ўзгарган, катта мамлакат парчаланган, мактабларнинг савияси бутунлай тушиб кетган даврлар. Ўшанда олий таълим муассасаларига ўз ички имкониятларидан фойдаланиб мактаблар билан ҳамкорлик қилиши топшириғи берилган эди. Ҳар бир институт ёки университет қайси йўналишларда ривожланаётган бўлса, ўз йўналиши бўйича туманларда мактаблар ташкил қилиши ёки мактаблар билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилиши керак эди. Шу йўсинда мактабларда фанлар ассоциациялари ташкил этила бошланди.
Москва вилоятида бир ярим мингтага яқин мактаблар бўлса, мактабларда ўқитиладиган жами 18 фан бўйича асссоциациялар фаолияти йўлга қўйилди. Университетлар, институтлар профессор-ўқитувчилари мактаб ўқитувчилари учун мастер-класслар ташкил этарди, яхши ташаббуслар оммалаштирилар, мактаблар орасида ижодий рақобат муҳити шаклланди. Фанларни ўзлаштириш, муваффақиятлар борасида мусобақалашиш бошланди. Мактаблар жонланди. Бу ташаббус 3-4 йилдаёқ ўз самарасини берди. Мактаб ўқувчилари ҳалқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўла бошлади, олий маълумот олишга интилувчилар кўпайди.
Айни кунда Россия халқ таълими тизими бўйича дунёдаги кучли ўнталик мамлакатлари сафида. Ўша пайтда улар мактаб таълими борасида энг илғор мамлакатлар – Сингапур ва Финляндия халқ таълими тажрибасини ўрганганди. Қизиғи, улардаги таълим тизими россияликларга маълум бўлган анъанавий усулларни ўзларига мослаштириб олганлари бўлиб чиқди. Айтиш мумкинки, ҳар бир янгилик баъзида унутилган эскилик бўлиб чиқиши мумкин.
Биз албатта, бу тажрибани айнан ўзлаштирмаймиз. Мамлакатимиз таълим тизимининг ҳеч қайси мамлакатникига мутлақо ўхшамайдиган ўзига хосликлари, муаммолари ва ютуқлари бор. Жаҳон тажрибасида кўп бор муваффақиятлар келтирган бу усулнинг албатта ўзимизга мос моделини яратишимиз лозим. Бунда барча ўзига хосликлар эътиборга олинган ва тизим ишлаб чиқилган.
Бизнинг ўз мактабларимиз бўлади
Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси кўп жиҳатдан олий таълим муассасалари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу ўринда энг асосий урғу педагогика ва психология йўналишларида мутахассис тайёрлайдиган институтлар ва университетлар ҳисобига тўғри келади. Чунки улар мактаб тизимига энг яқин мутахассислардир. Мисол учун, Техника университети мутахассиси педагог бўлмасдан туриб, мактаб таълимида иштирок этолмаслиги, аниқроғи 45 минутлик дарсни қандай ташкил этишни, (дарс тузилмасини) билмаслиги мумкин. Мактабдаги дарсларда у айтган юксак билимларни ўқувчиларнинг мияси қабул қилишга қодир эмаслигини у тушунмайди. Ишни дастлабки босқичдан бошлаш кераклигини билмайди. Демак, айтиш мумкинки, педогогика, психологиядан хабардор бўлмаган кишилар учун ишни ташкил қилиш жуда қийин ва мураккаб.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти айни кунда Самарқанд вилоятидаги 150 та мактаб билан ҳамкорлик қилмоқда. Бир ой давомида вилоятнинг ўнлаб мактаблари ҳаёти билан яқиндан танишдик. Пастдарғом, Пахтачи, Нарпай ва Самарқанд туманлари мактабларида бўлганимизда, бир нарсага амин бўлдикки, улар турли ҳудудларда жойлашган бўлишига қарамасдан, муаммолари ва ташвишлари бир хил. Улар орасида наъмунали мактаблар ҳам бор – битирувчилари ОТМларга кирган, ўқувчилари олимпиадалар ғолиблигини қўлга киритган, турли танловларда муваффақият қозонган. Шу билан бирга, йиллар давомида бирорта битирувчиси ўқишга киролмаган, рўйхатларда бўлмаган, ҳужжат ишлари мутлақо юритилмайдиган мактаблар ҳам борлигини таъкидлаш лозим.
Институтимиз қошида бугун Фанлар уюшмаси ташкил этилди. Уюшмада мактабларда ўқитиладиган 9 та фан (она тили ва адабиёти, математика, информатика, кимё, биология, тарих, чет тили, физика) ўқитувчилари мунтазам ўқитиб борилади. Семинар тренинглар, маҳорат дарслари, тажрибалар алмашинув ва малака ошириш машғулотлари тарзида ташкил этиладиган дарсларда мактаб ўқитувчиларига янги билимлар ўргатилади. Улар дарсларда ўз ҳамкасблари билан тажриба алмашади, фикрлашади, дарс ўтишнинг замонавий усулларини ўрганади.
Семинар-тренингларда иштирок этиб, шу нарсага амин бўлдимки, ўқитувчилар бу лойиҳага катта умид билан қараяпти. Лойиҳанинг мақсадини ҳижжалаб тушунтиришга ҳожат қолмади, улар бирпасда моҳиятни англаб олди. Ҳатто кимё ва биология фанларидан мутахассис бўлганим учун, бир неча дарс-машғулотларини ўзим ўтиб беришимни илтимос ҳам қилишди. Нега рози бўлмаслигим керак? Ўтдим.
Ҳар бир ўқитувчининг яхши кўрган мавзуси бўлади, у ана шу мавзуни мазза қилиб ўқувчиларига ўргатади. Баъзи мавзуларни эса яхши тушунмаслиги, ўзидан қониқмаслиги мумкин. Шунинг учун дарсни ҳам юзаки ўтади. Тренингларда у ҳамкасблари орасидан ана шу, ўзи тушунмайдиган мавзуни яхши биладиган ва севадиган ҳамкасбини учратади, ундан ўрганади ва тажриба алмашади. Уларда соғлом рақобат муҳити шаклланади.
Мактаб ўқитувчиларида билимлар етарлилиги кўриниб турибди. Ана шу билимни ўқувчига етказа билишни, ўқувчиларни дарсларга қандай жалб қилишни, уларнинг орасидан кимнинг нимага қобилияти, иқтидори борлигини аниқлаб, улар билан янада чуқурроқ ишлашни ўқитувчига эслата олсак ёки ўргата олсак, мақсадга анча яқинлашган бўлардик. Фанлар уюшмасининг асосий вазифаси ҳам шундан иборат.
Демак, ишларни шунчаки “қоғозда”, “ура-ура”чилик асосида бажариш билан иш битмайди. Мактаб таълими борасида катта ислоҳотларни амалга оширишга киришдик. Яна бир нарсани унутмаслик керакки, олий таълимга ёшлар айнан мактаб остонасидан келади. Бу эса, бугунги ҳамкорлигимиз албатта яқин келажакда ўз мевасини беришига умид уйғотади.
Мактабларимизда замонавий билимларни ўқитишда сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳам ачинарли ҳол. Бу балки, мактаб маъмурияти билан эмас, юқорироқ доираларда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммодир. Лекин ўқитувчи интернет алоқасисиз, компьютерсиз дарсга кўнгилдагидек тайёргарлик кўролмайди. Дарсларда бу воситалардан фойдаланмасдан туриб, яхши натижаларни қўлга киритиш мушкул.
Мактаб дарсликлари анча эскириб қолган
Бу ҳам тизимдаги энг катта муаммо. Уларни янгилаш учун катта маблағ, вақт талаб этилади. Бу давр мобайнида эса ўқитувчилар электрон кутубхона имкониятларидан фойдаланишлари учун шароит яратиш керак. Мактаб интернет тизимига уланмаган бўлса, улар бу имкониятдан ҳам фойдалана олмайди. Компьютерсиз, интернетсиз ва бошқа замонавий алоқа воситаларисиз биз ўқувчиларга чуқур билим бера олмаймиз, ёшларни қизиқтира олмаймиз. Ўқувчилар қўлларидаги оддий смартфонлари билан ҳам бугун кўп ишларни амалга оширишга қодир. Ўқитувчилар ўз ўқувчиларидан ортда қолишлари эса ачинарли ҳолат. Айни кунда бу борада яна бир яхши ишга қўл урилаётгани, яъни ўқувчилар учун электрон кундалик жорий этилиб, синф журналлари электрон тарзда юритилиши ҳақидаги хабарлар кўнгилга бироз таскин беради.
Биз қайси замонда яшаётганимизни унутмаслигимиз керак
Хуллас, яхши ниятлар билан катта лойиҳага қўл урдик. Мактабнинг, ўқитувчиларнинг обрўсини қайтаришимиз керак. Мактаблар илгарилари том маънодаги зиё, маърифат маскани бўлган. Дунёнинг барча муаммолари, янгиликлари аввало мактаб миқёсида ўқитувчилар томонидан муҳокама қилинган, уларнинг талқини халққа етказилган, ўқитувчилар эса жамиятнинг энг илғор қатлами, нуфузли, эътиборли кишилари бўлган. Аслида ҳам шундай, бу касб эгалари ҳурматга лойиқ кишилардир. Улар ўзларидаги бор билимларини шогирдларига бериб, миллатнинг келажагини, келгуси ҳаётини таъминлайдилар.
Биз ўқитувчига имкон берайлик, ҳеч бўлмаганда услубий томондан. Бу билимлар унга замонга мослашишга ёрдам беради.
Худойназар ЮНУСОВ,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори,
биология фанлари доктори, профессор
ЎзА.