Ўзбекистон ва Корея: муносабатлар ўзаро ишонч ва узоқ муддатли стратегик шериклик асосида изчил ривожланмоқда
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Ташқи ишлар ва бирлашиш масалалари қўмитаси раиси Сон Сок Чжун билан учрашди.
Унда икки мамлакат парламентлараро алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва стратегик шериклигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва узоқ муддатли стратегик шериклик асосида изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Бу жараёнда мунтазам сиёсий мулоқот ва икки мамлакат парламентлари ўртасидаги фаол ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Томонлар тегишли қўмиталар ва парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, янги ва истиқболли соҳаларни тартибга солиш бўйича қонунчилик тажрибаси алмашинувини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув чоғида ҳамкорликнинг минтақавий йўналишига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, “ақлли шаҳарлар”ни ривожлантириш, шунингдек, маҳаллий бошқарув, инфратузилма ҳамда кичик ва ўрта бизнесни рақамлаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА