Танлов ғолибларига сертификатлар топширилди
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, ННТлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, ижтимоий шериклик комиссиясининг 2024 йил июлдаги 9-сонли қарорига мувофиқ жорий йил 22 апрелдан 22 майгача бўлган муддатда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари учун давлат гранти 2-танлови ўтказилди. Ҳар бир лойиҳа 60 миллион сўмгача белгиланди.
“Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш борасида ижтимоий шерикчиликни кучайтириш” мавзусида ўтказилган давлат гранти 2-танловига 13 та, шундан 10 та ННТ, 2 та маҳалла фуқаролар йиғини ва 1та оммавий ахборот воситасидан лойиҳа қабул қилинди.



–Нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари дастури, лойиҳаларининг ижтимоий ва умумаҳамиятини аниқлаш бўйича Ишчи гуруҳининг ўрганишлари натижасида давлат гранти 2-танлови бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 5 та лойиҳасини 300 миллион сўмга қўллаб-қувватлаш тавсия этилди, –дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси, комиссия раиси Абира Ҳусейнова. –Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тақдим этилган хулосаларни Ижтимоий шериклик комиссияси ўрганиб чиқди. “Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш борасида ижтимоий шерикчиликни кучайтириш” мавзусида ўтказилган 2-танловда 5 та нодавлат нотижорат ташкилотининг лойиҳалари ғолиб деб топилди.


– “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш, шахсий ривожланишларига кўмаклашишда уларнинг тиббий ва репродуктив ҳуқуқий онгларини юксалтириш” мавзусида 60 миллион сўмлик грантни қўлга киритдик, –дейди Бухоро вилоят репродуктологлар ассоциацияси раҳбари Нодира Холова. –Мақсадимиз аҳоли ва ёшлар ўртасида ижтимоий касалликлар салмоғини ўрганиш, энг муаммоли ҳудудни танлаб ўрганиб, хулосалар қилиб бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишдир. Тарғибот ишлари олиб боришда нарколог, психолог, репродуктив саломатлик маркази, ички ишлар, маънавият ва маърифат маркази, оила ва маҳалла бошқармалари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этиш орқали аҳолининг барча қатламлари ва хусусан ёшларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик иллатларидан халос этишга эришишдир.
Ғолибларга ижтимоий шериклик комиссяининг сертификатлари топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири