“Она замин бағридан...” халқаро ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркаси миллий қадриятлар ва халқлар дўстлигини намоён этди
30 июль – “Халқлар дўстлиги” куни муносабати билан ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали доирасида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита қошидаги Миллий маданий марказлар павильонида “Она замин бағридан...” номли халқаро ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.
Кўргазма мамлакатимизда қарор топган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини, турли миллат вакилларининг бой маданий мероси ҳамда асрлар давомида сайқалланган миллий ҳунармандчилик анъаналарини кенг жамоатчиликка намойиш этишга хизмат қилди.
Тадбирнинг очилишида ҳунармандчилик халқнинг маънавий қиёфаси, тарихий хотираси ва маданий тафаккурини аждодлардан авлодларга етказувчи ноёб қадрият эканини алоҳида таъкидлади. Эътиборга молик жиҳати, “Дўстлик” фестивали доирасида ташкил этилаётган мазкур кўргазма нафақат миллий ҳунармандчилик анъаналарини кенг тарғиб этишга, балки турли миллат ва элат вакилларининг маданий меросини ўзаро бойитиш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонда қарор топган бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Кўргазмада юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 40 дан ортиқ тажрибали ҳунармандлар ҳамда миллий маданий марказлар вакиллари ўзларининг энг сара ижод намуналарини намойиш этди. Каштачилик, заргарлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, гиламдўзлик, миллий либослар ва бошқа халқ амалий санъати намуналари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ташриф буюрувчилар учун ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари, амалий намойишлар ҳамда ижодий учрашувлар ташкил этилди. Тадбир давомида меҳмонлар миллий ҳунармандчилик мактабларининг ўзига хос жиҳатлари, қадимий анъаналар ва уларнинг бугунги кундаги ривожи билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Кўргазма-ярмаркада миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, миллий урф-одатлар ва анъаналарни акс эттирувчи намойишлар фестиваль иштирокчиларига байрамона кайфият улашди. Турли миллат вакилларининг бир саҳнада намоён этган маданий чиқишлари Ўзбекистонда ҳукм сураётган ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитининг яна бир ёрқин ифодасига айланди.

“Она замин бағридан...” халқаро кўргазма-ярмаркаси миллий ҳунармандчилик анъаналарини кенг тарғиб этиш, устоз-шогирд мактабларини қўллаб-қувватлаш, маданий меросни асраб-авайлаш билан бирга, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим маданий лойиҳа сифатида иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (суратлар), ЎзА