“Таништирув ҳафталиги” бошланди
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан “Таништирув ҳафталиги” доирасида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, ҳафталикни ўтказишдан асосий мақсад олий таълим муассасаларига қабул қилинган 1-босқич талабаларининг тезроқ ўқув жараёнига мослашишига кўмак бериш, талабаларни олий таълим муассасаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган лойиҳалар, танловлар, яратилган имтиёзлар билан таништиришдир.
Жорий ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун ўқув жараёни кредит-модул тизими орқали ташкил этилади. Таништирув ҳафталигида талабаларга кредит-модул тизимининг мазмун-моҳияти, ўқув жараёнига татбиқ этилиш тартиби, ОТМнинг ички тартиб-қоидалари ва шу каби зарур ахборотлар тўғрисида маълумотлар берилади.
[gallery-19231]
Бугунги кунда вилоятда 4 та – 2 та давлат ва 2 та хусусий олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг барчасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчилари иш олиб бормоқда.
Матбуот анжуманида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида “Lyeadyer month” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотларининг 2024-2025 ўқув йилига мўлжалланган иш режалари ҳамда 8 ой давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Анжуман сўнггида ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари