Қорақалпоғистон – Хитой: ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифининг иккинчи куни Шинжон-Уйғур автоном райони раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Унда давлатларимиз ўртасидаги савдо ва иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганлигини алоҳида таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Президентимизнинг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори билан инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ҳамда каустик сода ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда бошқа соҳаларда амалий инвестицион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш борасида 8 та йўналишда таклиф билдирилди.

Шинжон-Уйғур халқ партияси котиби Чэнь Сяоцзян замонавий қишлоқ хўжалиги, мутахассисларни қайта тайёрлаш, яшил иқтисодиёт, экология, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда туризмни ривожлантириш борасида ижтимоий-иқтисодий масалаларида ҳамкорликка тайёрлигини билдириб, 4 та йўналишда қўшимча ишлаш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, Шинжон қишлоқ хўжалиги фанлар академияси вице-президенти Алиф Эрси билан учрашув ўтказилди. Унда чорва озуқа базаси учун экиладиган ўсимликларни етиштириш бўйича кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш, Хитой тажрибасини татбиқ этиш ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди ва ушбу йўналиш бўйича меморандум имзолашга келишилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.