Талон-торож этилган минглаб гектарлар...
Ерга ташбеҳ берилганда, унга Она сўзи қўшиб айтилади. Бу бежиз эмас.
Ерга ташбеҳ берилганда, унга Она сўзи қўшиб айтилади. Бу бежиз эмас. Чунки биз шу ер устида туғилганмиз, яшаймиз, ундаги неъматлардан баҳраманд бўламиз.
Дарҳақиқат, ер – инсониятнинг нафақат яшаш макони, балки тириклигининг асосий манбаи ҳисобланади. Лекин, доим ҳам ер қадрига етаяпмизми? Уни ўз келажагимиз учун, биздан кейин келгуси авлод учун асраяпмизми?
Бу саволларга ижобий жавоб бериш қийин. Чунки бугунги кунда айрим фуқаролар томонидан ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди.
2019 йилнинг 26 ноябридан 2020 йил 30 мартига қадар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш, ерни давлат эгалигига қайтариш ҳақида судлар томонидан жами 8 минг 786 фуқаролик ва иқтисодий ишлар мазмунан кўриб тамомланган. Шундан 6 минг 924 даъво ариза қаноатлантирилган. Натижада қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган, суғориладиган жами 1120,5 гектар ҳосилдор ер майдони экин экиб фойдаланиш учун қайтарилган.
Тушунарли бўлиши учун қайд этиш жоизки, умум фойдаланиши лозим бўлган бу минг гектардан ортиқ суғориладиган ҳосилдор ер майдони 6 минг 924 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан, бирон-бир ҳужжатсиз эгаллаб олиниб, уй-жой ёки бошқа иморатлар қуриб ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келинган.
Энди ўзингиз бир ҳисоблаб қаранг, шунча ер майдонида халқ дастурхонини обод қилиш учун қанча маҳсулот етиштирилиши мумкин эди?
Ваҳоланки, Конституциянинг 55-моддасига кўра, ер-умуммиллий бойлик ҳисобланиб, ундан оқилона фойдаланиш зарур, шунингдек ер давлат муҳофазасидадир.
Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини талон-торож қилиш, ер сотиш бўйича 92 та ҳолат аниқланиб, 205 та фуқарога нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, фуқаролик ва жиноят ишларини судда кўришда кўпчилик пушаймонлигини, қонун талабларидан хабардор бўлмаганлигини билдиришса, айримлар ўзини ҳақ деб билиб, ҳатто бузилган қурилиши учун пул тўлаб беришни талаб қилаётганлар ҳам бор.
Шунинг учун эслатиб ўтиш лозим, ўзбошимчалик билан ер майдонларини эгаллаш, ундан ноқонуний фойдаланганлик учун, ерни талон-торож қилганлик учун жавобгарлик мавжуд, қонуний қурилма учун қилинган харажатлар эса тўлаб берилмайди.
Халқимизда “сўнгги пушаймон — ўзингга душман“, деган мақол бор. Агарда ҳар бир ҳаракатимиз қонуний бўлмас экан, кейинги пушаймонимиз фойда бермайди.
Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари