Таълимга эътибор –тараққиёт пойдевори
Инсоннинг мақсади жуда аниқ ва равшан бўлса, унга эришиш шунча енгил кечади. Одамлар жамиятда яхши яшаш учун изланиб, тинимсиз ҳаракат қилса, давлат ҳам халқининг фаровон яшаши, авлодларининг келажаги порлоқ бўлиши учун ўзининг истиқболли мақсадларини белгилаб олади.
Мамлакатимизнинг келгуси ривожланиш босқичларини белгилаб берган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек эзгу мақсад сари ташланган муҳим қадам бўлди. Шу боис ушбу ҳужжат Халқ стратегияси, дея аталмоқда. Бешта йўналиш, юзта асосий мақсадни бирлаштирган мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатда мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ бўлган таълим тизими ислоҳотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Зотан, жадид мутафаккири Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, илм –дунёнинг иззати. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдир. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойна каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткир қилур.
Илм-маърифат, таълим-тарбия, маънавият инсонни камолотга етакловчи, унга нажот, куч берувчи буюк неъмат экани, бугунги тезкор ва шиддатли дунёда янада кенг намоён бўляпти.
Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўлида ишлаб чиқилган ҳужжатда 2030 йилгача болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш қатъий белгилаб қўйилди. 100 фоиз мактабгача таълим ташкилотлари тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминланади. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобуслар йўлга қўйилади. Таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар “тил эгалари” бўлган хорижий мутахассис жалб этилиб, барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарга ўргатиш курслари жорий қилинади. Педагогларнинг ўртача иш ҳақи икки баробарга оширилиб, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида, шунингдек, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, миллий қадриятлар ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, кенг оммалаштириш ҳамда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувларни жорий этиш белгиланган. Китобхонлар сонини 5 миллионга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани юртимизда тарбия ва таълим бирламчи ўринга кўтарилганини англатади.
Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида 2024 йил 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ўғил-қизлар маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктириладиган бўлди. Мазкур раҳбарлар ҳар ойда камида бир марта ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб бориш вазифаси қўйилди. 7,5 минг нафар ёш замонавий касбларга ўқитилиши, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг йигит-қизнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилиши, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими қўшимча мингта умумий ўрта таълим муассасаларида жорий этилиб, фанлардаги амалий машғулотлар улуши 60 фоизгача оширилиши белгиланди.
Жорий йил 1 сентябрдан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида 100 та умумий ўрта таълим мактабига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилгани тоғли икки ҳудуд учун давлатимиз кўрсатаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”да нодавлат ва республикада фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим ташкилотларида давлат грантлари асосида кадрлар тайёрлаш ўрнини фақат кундузги таълим шаклида 1 минг 200 тага етказиш, яъни 20 фоизга ошириш юзасидан таклифларни шакллантириш белгилангани ҳам Янги Ўзбекистонда илм-фанга иштиёқи баланд, юксак маънавиятли ёшларни камолга етказишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Мавриди келганда айтиш лозимки, дастурда олий таълимнинг бакалавриат йўналишидаги таълим тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва мазмун жиҳатидан яқин бўлган йўналишлар бирлаштирилиб, замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш, бухгалтерия, логистика, маркетинг, ИТ, дизайн, туризм каби бакалавриат йўналишларида ўқиш муддатини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Биомуҳандислик, нанотехнология, ИТ инжиниринг, урбанистика, яшил энергетика каби истиқболли янги мутахассисликларга ўқитишни йўлга қўйиш, муҳандислик-техник соҳасидаги 33 та давлат олий таълим муассасасининг фаолиятини комплекс таҳлил қилиш, фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳаларига етакчи хорижий илмий ташкилот, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидан ҳам раҳбар тайинлаш каби ишлар режалаштириб олинди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган ҳар бир йўналиш ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш учун барча имконият яратилган. Молиявий манбалари ҳал этилган. Бу борада амалга ошириладиган ишлар янада самарали бўлиши учун Президентимиз таъкидлаганидек, вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантиришимиз керак. Зеро, ягона мақсадимиз Ватанимизни кучли ҳуқуқий давлат ва фаровон фуқаролик жамиятига айлантиришдир.
Ўрал Аҳмедов,
Термиз муҳандислик-технология институти ректори.
ЎзА