Таълимдан мустақил ҳаёт сари: имконият ва интилишлар
Бекобод шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва мустақил ҳаётга тайёрлашга эътибор қаратилмоқда.
Ҳар бир боланинг ўз қобилиятини намоён этиши, билим ва кўникмаларини ривожлантириши, келажакда жамиятда муносиб ўрин топиши учун зарур шароит яратиш муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва мустақил ҳаётга тайёрлашда таълим муассасаларининг ўрни беқиёс.
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги 15-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ихтисослаштирилган таълим муассасасида 2026-2027 ўқув йилида жами 113 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 5 нафари уйда якка тартибдаги таълим билан қамраб олинган. Мактабда ўзбек тилида таълим бериладиган 11 та синф мавжуд.

Бугунги кунда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларни умумтаълим жараёнига жалб этиш ва жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Жумладан, 2025-2026 ўқув йилида 9 нафар ўқувчи инклюзив таълимга йўналтирилган бўлса, жорий ўқув йилида яна 6 нафар ўқувчини ушбу тизимга жалб этиш режалаштирилган.

Мактаб фаолиятида ўқувчиларга билим бериш билан бир қаторда, уларнинг ҳаётий кўникмаларини шакллантириш, касб-ҳунар ўрганиши ва келажакда бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Жорий ўқув йилида 9-синфни 11 нафар ўқувчи билим олади. Режага кўра, уларнинг 6 нафари касб-ҳунар коллежларига ўқишга йўналтирилади. Қолган 5 нафар битирувчининг эса уста-ҳунармандлар билан ҳамкорликда бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Бу жараёнда касбга йўналтириш ишларининг аҳамияти катта. Чунки муайян ҳунарни эгаллаш ёшларнинг ўз имкониятларини намоён этиши, меҳнат орқали даромад топиши ва мустақил ҳаётга қадам қўйишида муҳим омил ҳисобланади. Шу мақсадда мактабда бир қатор лойиҳалар йўлга қўйилган. Жумладан, “Уста кўҳна” бизнес лойиҳаси ўқувчиларни амалий фаолиятга жалб этишга хизмат қилса, “Биргаликда кучлимиз” лойиҳаси ота-оналарни педагогик, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шунингдек, “Эрготерапия” ва “Лого болакай” хизматлари ҳам йўлга қўйилган.

Касб-ҳунар тўгаракларида ўқувчилар амалий машғулотлар орқали турли ҳунарларни ўрганиб, ўз қўллари билан маҳсулотлар тайёрлашмоқда. Ушбу маҳсулотларнинг турли ярмаркаларда сотувга қўйилиши эса уларнинг меҳнати натижасини кўриш, амалий тажриба орттириш ва тадбиркорликка бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда. Тушган маблағлар тўгараклар фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Эътиборлиси, ўтган йили мактабни битирган ўқувчилар орасида бугун ўз ҳунари орқали даромад топаётган ёшлар ҳам бор. Бу эса касбга йўналтириш ва амалий машғулотларнинг аҳамиятини кўрсатади.
Мактаб директори Азиза Абдуллаеванинг таъкидлашича, эришилаётган натижалар таълим муассасасида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари изчил олиб борилаётганидан далолат беради.

Дарҳақиқат, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш фақат уларнинг таълим олишини таъминлаш билан чекланмайди. Уларнинг қобилиятини ривожлантириш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш, ўз кучига ишончини ошириш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имконият яратиш ҳам муҳимдир.
Бекобод шаҳридаги 15-сонли ихтисослаштирилган мактабда амалга оширилаётган ишлар ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Зеро, болага берилган билим, ўргатилган ҳунар ва билдирилган ишонч унинг келажакда мустақил ҳаёт кечириши ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам замин яратади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири