Таълимда халқаро шериклик ва инновацион ёндашувлар кенгаймоқда
Мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, педагогларнинг малакасини ошириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада нуфузли халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ва Beijing Capstone Education Consulting (BCEC) ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор тажрибаларни жорий этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Меморандум доирасида қатор устувор йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Хусусан, агентлик тизимидаги мактабларда STEM, яъни табиий фанлар, технология, муҳандислик ва математика йўналишларини ривожлантириш бўйича қўшма дастурлар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда, дейилади Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги маълумотида.
Шунингдек, ўқитувчи ва мутахассислар Хитойда ташкил этиладиган махсус малака ошириш дастурларига юборилади.
Меморандум доирасида мактаб маслаҳатчилари учун ҳам махсус тренинг ташкил этилиши белгиланган. Уларда ўқувчиларни касбга йўналтириш, халқаро таълим имкониятлари ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Қайд этилганидек, мазкур меморандум таълим сифатини ошириш ва мутахассислар рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА