Президент мактабларига ҳужжат қабул қилиш санаси маълум қилинди
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президент мактаблари фаолияти ёшларнинг интеллектуал ривожланишига кенг йўл очиб бермоқда.
2026–2027 ўқув йили учун Президент мактабларига ҳужжатлар қабули 25 майдан 14 июнга қадар онлайн шаклда my.gov.uz ҳамда ariza.piima.uz платформалари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, Президент мактабларига ариза топшириш учун ўқувчининг сўнгги икки ой давомида тушган фотосурати, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, тегишли ўқув йили натижаларига кўра баҳолар табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси ёки QR-код билан тасдиқланган электрон табели талаб этилади.
Шунингдек, ота-она ёки қонуний вакилнинг фуқаролик паспорти маълумотлари ҳамда боғланиш учун телефон рақамлари ҳам аризага илова қилинади.
Маълумотда қайд этилишича, талабгорнинг баҳолар табелидаги математика ва табиатшунослик фанларидан 4-синфдаги йиллик баҳолари “5” — аъло бўлиши шарт. Президент мактабларига 4-синфни тамомлаган ўқувчилар 5-синфга қабул қилинади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА