Таълимда АҚШ билан ҳамкорлик қилинади
Айни кунларда Тошкентда ўтаётган Ўзбекистон – АҚШ соғлиқни сақлаш ҳафталиги доирасида юртимизда меҳмон бўлиб турган нуфузли университетлар профессорлари Бухоро давлат тиббиёт институтида ҳам бўлди. АҚШнинг яна бир нуфузли олий таълим муассасаси – Вебстер университети президенти жаноб Жулиан Счустер бошчилигидаги делегация тиббиёт институтида яратилган имкониятлар билан танишди.
Делегация янгидан қуриб фойдаланишга топширилган Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг замонавий биносида яратилган шарт-шароитлар, аудиториялар, махсус ўқув хоналари, лабораториялар, Симуляция маркази, Ахборот-ресурс маркази фаолияти ҳамда талабалар турар жойида яратилган шароитларни ўрганди. Шундан сўнг, томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришнинг истиқболлари, биргаликда кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шу ернинг ўзида икки томонлама ҳамкорлик мемориандуми имзоланди.


Музокаралар чоғида АҚШ таълим стандартлари асосида олий маълумотли тиббиёт ходимлари тайёрлашни йўлга қўйишнинг истиқболлари, ушбу ўқув курсларини ташкил этиш борасида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.


АҚШнинг Вебстер университети президенти жаноб Жулиан Счустер бошчилигидаги делегация Бухоро давлат университетида ҳам бўлди. Учрашув давомида делегация аъзоларига Бухоро давлат университети, унда мавжуд таълим дастурлари, тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маълумотлар берилди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдим этилди.Ҳужжатлар имзоланди.
Маълумот учун: Вебстер университети 1915 йилда ташкил этилган бўлиб, бир қатор хориж давлатларида ва Тошкент шаҳрида ўз филиалларига эга.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири