Таълим ва касблар кўргазмаси – ёшлар учун кенг имконият
Ёшлар ишлари агентлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги Андижон вилояти бошқармалари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Таълим ва касб – 2026” халқаро таълим кўргазмаси бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиз, шунингдек, Европа ва Осиё давлатларидаги олий таълим муассасалари, уларнинг юртимиздаги филиаллари ўзларининг мавжуд таълим дастурлари ва имкониятларини намойиш этди.
Ушбу тадбир юртимизда ёшларнинг пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб камол топишларига, етакчи хорижий олий таълим муассасаларидаги мавжуд мутахассислик йўналишлари ҳақида кенг маълумотларга эга бўлиши, ўзлари истаган таълим соҳаси ва касбларни танлашларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилди.
Кўргазмада ўттизга яқин хорижий олий таълим муассасалари, шунингдек, қатор хорижий давлатлар олий ўқув юртларининг юртимиздаги филиаллари ўз тақдимотлари билан иштирок этиб, ёшларга, уларнинг ота-оналарига таълим йўналишлари, грант дастурлари ҳамда замонавий касблари бўйича кенг маълумотлар тақдим этди.


Кўргазмада хорижлик мутахассислар томонидан Россия, Беларусь, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа Осиё ва Европа давлатлари олий таълим муассасаларининг тақдимотлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Кўргазмада ёшларнинг хорижда таълим олиш, истиқболли касбларни эгаллаш ҳамда ўзлари қизиққан таълим йўналишларини тўғри танлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Кўргазма ташкил этилганлигидан биз ёшлар беҳад хурсандмиз, – дейди Андижон давлат техника институти қошидаги академик лицей битирувчиси Муҳаммаджон Тожиматов. – Кўргазмада тенгдошларим билан қатнашиб, қатор хорижий давлатлардаги олий ўқув юртлари, у ерда ўқиш тартиблари ҳақида маълумотлар олдим.


Ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб берган мазкур халқаро таълим кўргазмаси ёшларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ва халқаро таълим дастурлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.