Дуал таълим: Ўзбекистон – Германия ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилади
Андижонда “Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги. Дуал таълимни ташкил этиш бўйича Андижон тажрибаси” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимиз ва Германия таълим тизими мутасаддилари, олий ўқув юртлари ректорлари иштирокидаги анжуманда Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, дуал таълим тизимини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни миллий таълим амалиётига жорий этиш ҳамда меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.


Шунингдек, анжуман доирасидаги тадбирларда дуал таълимни ташкил этишнинг халқаро стандартлари, Германия таълим моделининг ўзига хос жиҳатлари, таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш сектори ўртасидаги институционал ҳамкорлик механизмлари, назария ва амалиёт интеграцияси ҳамда кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари бўйича ҳам муҳокамалар ўтказилиши белгиланган.


Анжуман иштирокчилари куннинг биринчи ярмида Андижон вилоятидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, дуал таълимни ташкил этиш бўйича амалий жараёнлар билан яқиндан танишдилар.
Куннинг иккинчи ярмида Андижон давлат тиббиёт институтида “Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги. Дуал таълимни ташкил этиш бўйича Андижон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири