Таълим тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Бухоро инновациялар университетининг Гулистон кампусида “Инновацион ёндашувлар ва педагогик назария амалиёти: таълим сифатини ошириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман таълим тизимини такомиллаштириш, педагогик фаолиятга инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда таълим сифатини оширишнинг замонавий йўналишларини муҳокама қилишга қаратилди.
Мазкур нуфузли анжуман маҳаллий ва хорижий олимлар, тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда соҳанинг тажрибали мутахассисларини бир майдонда жамлади. Конференцияда юздан ортиқ иштирокчи қатнашиб, замонавий таълим тизими олдида турган долзарб масалалар, инновацион педагогик технологияларнинг самарадорлиги, рақамли таълим муҳитини шакллантириш, сунъий интеллект ва ахборот технологияларининг таълим жараёнидаги ўрни, шунингдек, ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишнинг замонавий механизмлари юзасидан фикр алмашдилар.
Таъкидланганидек, бугунги кунда таълим соҳасида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш нафақат замонавий билимларни бериш, балки талабаларда мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва инновацион ғояларни илгари суриш кўникмаларини шакллантиришни ҳам тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, конференция иштирокчилари таълим мазмунини янгилаш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини таълим жараёни билан узвий боғлаш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурдилар.
Анжуман доирасида ўтказилган ялпи ва шуъба йиғилишларида таълим соҳасидаги замонавий тенденциялар, халқаро тажрибалар ва инновацион ечимларга бағишланган маърузалар тингланди. Мутахассислар томонидан таълим муассасаларида рақамли платформалардан фойдаланишни кенгайтириш, интерактив ўқитиш усулларини жорий этиш, талабаларнинг илмий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш бўйича муҳим амалий таклифлар билдирилди.
Конференция нафақат илмий ғоялар алмашинуви, балки янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма тадқиқотлар ва истиқболли лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратиши билан ҳам аҳамиятли бўлди. Муҳокамалар давомида таълим сифатини оширишга қаратилган илмий ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ этиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий таълим тизимига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, келгусидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, халқаро илмий-амалий конференцияда фаол иштирок этган, ўзининг долзарб маърузалари ва илмий ташаббуслари билан ажралиб турган бир гуруҳ олим ва тадқиқотчилар Бухоро инновациялар университети ректори Дилноз Рўзиева томонидан муносиб тақдирланиб, уларга университетнинг “Ташаккурнома”лари тантанали равишда топширилди.
Мазкур халқаро конференция таълим соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштирган муҳим мулоқот майдони сифатида иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири