Университетлар ўртасида меморандум имзоланди
Навоий давлат университети ҳамда Максим Танки номидаги Беларусь давлат педагогика университети ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилиб, Меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат таълим, илм-фан ва педагогика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун халқаро имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.

– 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб Мактабгача таълим мутахассислиги бўйича 1+1 шаклида қўшма таълим дастури асосида магистрлар тайёрлаш бўйича шартнома имзоланди. Ушбу дастур доирасида талабалар икки давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олиш ва халқаро таълим муҳитида тажриба орттириш имкониятига эга бўлади. Келишувларга мувофиқ, университетлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳам кенгайтирилади. Хусусан, филологик таълим, бошланғич таълим, инклюзив таълим, менежмент ва сунъий интеллект, шунингдек, машинали ўқитиш соҳаларида қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Келгуси ўқув йилидан мазкур йўналишларда 3+1 ва 2+2 шаклларида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Бу эса талабаларга замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, хорижий таълим тажрибасидан фойдаланиш ҳамда халқаро стандартлар асосида билим олиш имконини беради, – дейди Навоий давлат университети ректори Муҳиддин Калонов.
Ҳамкорлик доирасида академик мобиллик дастурларини амалга ошириш, онлайн ва офлайн маъруза машғулотларини ташкил этиш, талабалар учун бепул ёзги мактаблар ўтказиш ҳам режалаштирилган. Мазкур тадбирлар талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, касбий салоҳиятини ошириш ва халқаро тажриба алмашинувини кучайтиришга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири