Таълим тизимидаги ислоҳотлар ва ёндашувлар самараси
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиётининг барча жабҳаларида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ижтимоий соҳанинг пойдевори бўлган таълим тизимидаги ўзгаришлар алоҳида эътиборга молик. Сўнгги йилларда таълимнинг барча босқичларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш йўлида қатор муҳим амалий қадамлар ташланди.
Олий таълим тизимини чуқур ислоҳ қилиш, уни замонавий педагогик ёндашувлар ва илғор технологиялар асосида ривожлантириш устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бу борада 2019 йил 8 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси" соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишини белгилаб берди.

Гулистон давлат педагогика институтида ҳам бу йўналишда муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Талабаларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ва тематик ҳафталиклар мунтазам ташкил этилмоқда. Хусусан, "Илмли аёл – жамият кўзгуси" мавзусида ўтказилган тадбирлар ёш авлодда ижтимоий фаоллик ва маънавий онгни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Институтда 133 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда, уларнинг 35 фоизини илмий даражага эга мутахассислар ташкил этади. 5173 нафар талаба, 125 нафар магистр, 25 нафар докторант ва 25 нафар мустақил изланувчи илмий фаолият билан шуғулланмоқда. Бакалавриат йўналишлари 19 тага, магистратура эса 10 та йўналишга эга. Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари хорижий олий таълим муассасаларида тажриба алмашиш орқали ўз малакасини оширмоқда, илмий мақолалар ва дарсликларни ҳаммуаллифликда тайёрламоқда.

Гулистон давлат педагогика институти 2023 йил 8 августдаги Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлигининг "Ёшлар академияси фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида"ги 349-сонли буйруғининг 2.1-банди ижроси юзасидан Ёшлар академияси лидерлари тизимини йўлга қўйди.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ҳаракат қилган инсон албатта яхши натижага эришади" дегансўзларига амал қилган ҳолда, талабаларимиз бир қатор ютуқларга эришиб келмоқда. Сирдарё вилоятидаги учта олий таълим муассасаси орасидан айнан Гулистон давлат педагогика институти талабасидан Сирдарё вилояти Ёшлар Академияси ҳудудий лидери этиб сайланди. Бу шарафли мақомга институтимизнинг 1-босқич магистранти Дониёр Эрбутаев лойиқ деб топилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган "Ёш китобхон" танловининг республика босқичи якунига етди ва институтимиз талабалари юқори натижаларга эришди. Жумладан, Гулистон давлат педагогика институти Педагогика факултети Мактабгача таълим йўналиши 2-босқич 13-23 МТ гуруҳи талабаси Муродова Шаҳнозабону Абдураҳмон қизи "Ёш китобхон" танловининг 15-19 ёш тоифасида иштирок этиб, юрт миқёсида фахрли 2-ўринни эгаллади.
Янги Ўзбекистоннинг ривожланишида ёшларга берилаётган кенг имкониятлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Гулистон давлат педагогика институтида талабалар учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган янги 1000 ўринли бино қурилди. Шунингдек, талабаларнинг ўқиш жараёнида қулайлик яратиш мақсадида 400 ўринга мўлжалланган янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.

Вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан бошланган "Китоб улашиб – маърифат тарқатиб" аксияси доирасида Гулистон давлат педагогика институти раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари ўз таълим олган мактабларга китоб совға қилишди. Бу ташаббус ёш авлоднинг китобга бўлган меҳрини ошириш, илм олишга рағбатлантиришга хизмат қилади.
Миллий либослар халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи бебаҳо меросдир. Гулистон давлат педагогика институтида миллий қадриятларимизни тарғиб этиш ва уларни ёшлар орасида кенг ёйиш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳар жума ва шанба кунлари институтда "Миллий либослар" куни ўтказилиб, талабалар ва ўқитувчилар миллий либосларда қатнашиб, миллий қадриятларимизга ҳурмат кўрсатадилар.

Шунингдек, спорт аҳоли ва айниқса ёшларнинг жисмоний ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Гулистон давлат педагогика институтида спортга бўлган қизиқиш доимий ошиб бормоқда. Талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида "Ректор кубоги" ва "Беш ташаббус олимпиадаси" каби мусобақалар ўтказилмоқда. Ушбу мусобақалар доирасида футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика ва стритбол спорт турларида мусобақалар ташкил этилмоқда. Талабалар бу мусобақаларда юқори фаоллик кўрсатиб, спортга бўлган изқишлари ва жисмоний тайёргарликларини намоён этмоқдалар.
Ж.Каршибаев,
Гулистон давлат педагогика институти ректори,
Сирдарё вилояти халқ депутатлари кенгаши депутати