Таълим-тарбия муҳим жараён, бунга ҳамма масъул
Муносабат
Бугунги кунда мамлакатимиз янги даврга қадам қўймоқда. Албатта, бу йўлнинг машаққати оғир. Лекин ҳозир бу довонлардан ошиб ўтилмаса катта мақсадлар режалигича қолиб кетиши мумкин. Шиддат билан давом этаётган ислоҳотлар эса ҳар биримиздан фаол ташаббускорлик ва фуқаролик позициямизни билдиришни талаб этаётир.
Жорий йил 28 январ куни мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектр йиғилишида мен ҳам мактаб директори сифатида иштирок этдим. Президентимизнинг таълим-тарбия жараёнидаги оғриқли нуқталар, кечикмасдан ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар, эскича услубдаги дарс жараёнлари, йиллар давомида янгиланмаган дарсликлар ҳақидаги танқидий фикрларини тинглаб, мактаб таълимини тубдан модернизация қилинишидан қувондим.
Тўғри, тараққиётни таълимсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Жамият тараққиёти, миллий фаровонлик ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий ва тарихий билимларни чуқур эгаллаганлиги, юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деб таъкидлаган эди. Бу эса мактаб таълимига бориб тақалади, албатта.
Президентимизнинг маърузаси 3 та омил бўйлаб “ҳаракатланади”. Субъект - ўқитувчи, объект - ўқувчи, предмет - дарс жараёнини ташкиллаштиришдаги барча унсурларни ўз ичига олади. Бу уч йўналиш атрофидаги муаммоларнинг ҳал қилиниши орқали таълимда муваффақиятли эришиш мумкин.
Ўқитувчиларнинг билим савияси, касб маҳоратини ошириш, энг биринчи масала. Давлатимиз раҳбари эндиликда юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш, маҳоратли педагоглар тажрибасидан самарали фойдаланиб, уларнинг ўқитиш методикасини оммалаштириш каби вазифаларни илгари сурди. Ўқитувчи билимли бўлмаса келажак авлодга ҳеч нарса бера олмаслиги ҳақида куйиниб гапирди.
Бугунги тараққиёт даври ўқувчиларининг қалбига замонавий дарсликлар орқали кириш мумкин. Айни вақтда янги авлод дарсликларини илғор тажрибалар асосида тўлиқ янгилаш учун Англия, Франция, Германия каби давлатлардан қирққа яқин халқаро экспертлар жалб қилинган. Энди саволга жавоб ёзиш, берилган матнни ўқиш каби зерикарли, эскирган, усуллардан воз кечиб, мантиқий фикрлашга чорлайдиган, ижодий қобилиятларни ўстирадиган методикалар яратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда барча мактабларда ватанпарварлик дарсларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ушбу дарслар ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни миллий ғурур руҳида тарбия топишларида жуда муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.
Мактабни битирган бола камида битта касб билан бирга битта миллий чолғу асбобини чалишни билиши шартлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. Корея Республикасида ҳам мактабни битирган ўқувчи мусиқа фани доирасида, албатта, битта чолғу асбобини мукаммал ўрганиши шарт қилиб белгиланган. Чунки санъат ҳам тарбиялашнинг илғор усулларидан бири, аслида.
Президентимиз таъкидлаганидек, мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши эмас. Токи у ерда ёшлар, эртамиз эгалари, болаларимиз ўқиётган экан, бу барча эътибор қаратиши ва бирдек кўмаклашиши керак бўлган соҳа. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин. Чунки фарзандларимиз камолоти фаровон келажагимиз кафолатидир.
Жасурбек Арслонов,
Фарғона шаҳридаги 42-мактаб директори.
ЎзА