Таълим-тарбия масалаларига бағишланди
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида "Сифатли таълим – кучли жамият" шиори остида миллий форум бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида таълим-тарбия масалаларига бағишланиб ташкил этилган миллий форумда олий таълим муассасалари вакиллари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари, илғор ва фаол ўқитувчилар, тарбиячилар, фахрий устозлар иштирок этди.
Тўрт минг нафар соҳа вакиллари қатнашган миллий форумда мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида таълим муассасаларида ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш, бу борадаги муаммо ва қўйилган вазифаларни ҳал этиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан мазкур йўналишда “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли” деган шиор бош мезон сифатида белгилаб олинганлиги ислоҳотлар жараёнини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.
[gallery-13132]
Якунланган ўқув йилида вилоят мактаб таълими тизимида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди, муайян ютуқларга эришилди. Форумда ана шу йўналишдаги ҳамда мактабгача таълим соҳасида олиб борилган ишлар муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан соҳага оид мавзуларда маърузалар ўқилди, илғор, тажрибали ҳамда фахрий устозлар ўзларининг тажрибалари, илғор иш услублари билан ўртоқлашди. Иштирокчилар томонидан бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов форум иштирокчилари билан мулоқотда тизимдаги муаммоларни ҳал этиш, таълим-тарбия сифатини юксалтириш бўйича ўзининг фикр мулоҳазаларини билдирди, келгусидаги муҳим вазифалар ҳақида тўхталди.
Анжуманда ютуқлар салмоғини ҳамда таълим-тарбия сифат ва самарадорлигини ошириш, педагогларнинг билим ва малакасини юксалтириш, айниқса, устоз-шогирд мактаби фаолиятини янада такомиллаштириш, илғор педагоглар тажрибасини оммалаштириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА