Таълим соҳасига қанча маблағ йўналтирилмоқда?
Ўзбекистонда таълим соҳасига йўналтирилаётган бюджет маблағлари сўнгги беш йилда сезиларли даражада ошди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда ушбу соҳа учун давлат харажатлари 84,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2021 йилдаги 39,6 триллион сўмга нисбатан 2,1 баробар кўп.
Статистик маълумотларга кўра, таълим соҳасига давлат харажатлари йилдан-йилга изчил ўсиб борган. Жумладан, 2022 йилда 50,3 триллион сўм, 2023 йилда 61,2 триллион сўм, 2024 йилда эса 71,2 триллион сўм маблағ йўналтирилган.
2025 йилда харажатлар ҳажми 84,2 триллион сўмга етган. Шу тариқа, бир йил давомида таълим соҳасига ажратилган давлат маблағлари 13 триллион сўмга, яъни қарийб 18,3 фоизга ошган.
Умуман олганда, 2021–2025 йилларда таълим соҳасига йўналтирилган давлат харажатлари 44,6 триллион сўмга кўпайган. Бу даврда харажатларнинг умумий ҳажми қарийб 112,6 фоизга ўсган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА