Таълим сифатини юксалтириш энг муҳим масала
Бухорода “Миллий тикланиш” демокртик партияси фракция аъзолари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан туманлар кесимида олиб борилган умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятининг таҳлили юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда партия вилоят, туман ва шаҳар кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман, шаҳар бўлими мутасаддилари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашди.

Йиғилишда Бухоро вилояти халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, таълим муассасалари моддий техник базасини мустаҳкамлаш, педагог ходимларнинг сифат таркибини яхшилаш, таълим сифатини ошириш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоеванинг ахбороти тингланди.

Таъкидланишича, вилоятда 538 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, жорий йилда 42 та умумтаълим мактаблари таъмирланади. 5 та умумтаълим мактаблари янги қурилади. 22 та умумтаълим мактаблари реконструкция қилинади. 15 та умумтаълим мактаблари мукаммал таъмирланади. Бунинг учун 174, 8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 15 та умумтаълим мактаблари тоза ичимлик суви билан таъминланиши, 108 та мактаблар замонавий компьютер техникаси билан таъминланиши ва 14 та чет тили хоналари жиҳозланиши кўзда тутилган.

Партиядан сайланган туман ва шаҳар кенгаши депутатлари билан биргаликда ўрганишлар давомида мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида аниқланган муаммолар юзасидан қуйи палата депутати Умида Раҳмонова сўзга чиқди. Халқ ноиби мактаб ва мактабгача таълим муассасалари эътиборимизни юз фоиз қаратадиган масканимиз бўлиши, у ерда таълим-тарбия, болаларнинг овқатланиши асосий ўринда туриши, афсуски, ҳозирда жуда кўп мактабларда болаларни иссиқ овқат билан таъминлашда ошхона, ҳожатхона шунингдек, мактаб интернатларида ўқувчилар учун ётоқхона муаммолари кўзга ташланаётганлигини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида сўз олган партия фаоллари ва депутатлар таълим-тарбия масканларида учраётган масалаларга ечим излаш, муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова ҳамда партия вилоят кенгаши раиси, вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Махсуд Мухаммедов иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА