Таълим муассасаларида “Мустақиллик соатлари” ташкил этилади
Мустақиллик — миллатнинг эркин ва озод ҳаёт кечириш ҳуқуқини белгилайдиган улуғ неъмат. Тинчлик эса инсон ҳаёти, халқ фаровонлиги ва тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Бугунги мураккаб ва таҳликали дунё шароитида ушбу буюк неъматларнинг қадрини англаш, уларни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга безавол етказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Миллий мустақиллигимиз — мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида курашган фидойи аждодларимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёби, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам асосидир. Бу муқаддас қадриятнинг моҳиятини теран англаган, инсон қадрини улуғлайдиган ҳар бир ташаббус ва ислоҳот замирида катта фидойилик, жасорат ва ватанпарварлик мужассам эканини ҳис этган авлодгина мустақиллик ва тинчликнинг ҳақиқий қадрига ета олади.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросидан келиб чиққан ҳолда таълим муассасаларида ташкил қилинувчи “Мустақиллик соатлари” айни мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Мустақиллик соатлари”ни юқори савияда ташкил этишга бағишланган Республика ўқув-семинари ташкил этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур тадбирда таъкидланганидек, “Мустақиллик соатлари”ни мазмунан бой, таъсирчан ва ҳаётий руҳда ташкил этиш, уларда содда ва самарали усуллардан фойдаланиш муҳим.

Бунда замонавий педагогик ёндашувлар ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этиш бугунги куннинг асосий талаби. Қайд этилганидек, “Мустақиллик соати” шунчаки анъанавий машғулот эмас, балки ўқувчиларни ўйлашга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундайдиган жонли маънавий-маърифий мулоқот майдонига айланиши лозим.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатимиз вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари, мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари Zoom платформаси орқали иштирок этди.
Тадбир давомида “Мустақиллик соати”нинг мазмун-моҳиятини янада бойитиш, таълим жараёнига креатив ёндашувларни жорий этиш, мультимедиа воситалари ва замонавий коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, маънавий-маърифий тадбирларни ёшлар қалбига чуқур таъсир қиладиган шаклларда ташкил этиш юзасидан фикр ва тажрибалар алмашилди.
Шунингдек, соҳа экспертлари томонидан мактабгача ва мактаб таълими тизимида машғулотларни ташкил этишнинг замонавий методикалари, тарғибот технологиялари ва инновацион усуллари муҳокама қилиниб, иштирокчиларга амалий тавсиялар берилди.
Н.Усмонова, ЎзА