Таълим муассасалари янада чирой очмоқда
Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одати, анъанаси, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган турмуш тарзи мавжуд.
Умумхалқ ҳашари ҳам ўзбек халқининг ўзига хослигини ифодаловчи, инсонларни аҳилликка ундовчи меҳнатсеварликнинг ёрқин кўринишидир.
Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди, маҳалла ва кўчалар, таълим муассасаларида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 19-умумтаълим мактабида ҳам эрта тонгдан ўқитувчи ва мактаб ходимларининг кўтаринки кайфиятини кўриб, улар билан суҳбатлашишга қарор қилдик.

- Мактаб - улуғ даргоҳ, у ҳар бир жиҳати билан ўрнак бўлишга арзирли маскан. Шундай экан, янги ўқув йилига саранжом-саришта, мактаб ҳовлиси гуллар билан бурканган, кўриб ўқувчиларнинг кўнгли кўтариладиган илм даргоҳига айлантиришга барчамиз масъулмиз. Шу сабабдан ҳам бугун барча ўқитувчилар, ҳамкасбларимиз билан эрта тонгдан енг шимириб ишга киришдик, - дейди мактаб директори Райҳона Кулунчакова.
Кимдур мактаб ҳовлисидаги дарахтларни оқламоқда, яна кимдур ерни юмшатяпти.
- Шу мактаб атрофида турамиз. Фарзандларимиз шу ерда илм ўрганишади. Шунинг учун ҳам маҳалладаги аёллар йиғилиб, ҳашарга чиқдик. Ўзимиз билан турли хил гуллардан олиб келдик. Биз эккан гуллар чирой очиб, мактабга файз бағишласа биз бундан жуда хурсандмиз, - дейди Дилором ая.
Ҳашар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.
Файзулло Яҳёев, ЎзА