Таълим кластери соҳа ривожида муҳим қадам
“Uzbekistan GTL” заводида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси бошчилигида Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Бу нефтегаз саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш орқали таълим сифатини ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Унда дастлаб қарор бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Йиғилишда “Шўртан газ кимё мажмуаси” директорининг 2022 йил якунига қадар Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланган “UNG training” ўқув маркази Ғузор туманидаги биносининг реконструкцияси, талабалар ва ўқитувчилар учун ётоқхона, соғломлаштириш масканлари ва бошқа зарур биноларни барпо этишни жадаллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди. Марказда замонавий ўқув ва илмий лабораториялар, геология-геофизика, бурғилаш, конларни ишлатиш ва қазиб олиш, нефть ва газни қайта ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича махсус хоналар билан таъминланиши хусусидаги режалари муҳокама қилинди.
[gallery-8655]
Кенгаш аъзолари ўқув марказида 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ишлаб чиқариш корхоналарининг камида 1000 нафар ходими малакасини ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Таълим кластери томонидан мактаб ўқувчиларини ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсиялари ҳамда соҳа фахрийлари билан учрашувлар ташкил этилиши белгиланган. Бошқарув раиси томонидан кластер таркибидаги таълим ташкилотлари учун хорижий адабиётлар, илмий ишланмалар харид қилиш ҳамда уларнинг ахборот-ресурс маркази фондларини мунтазам равишда янгилаб бориш ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича зарурий кўрсатмалар берилди.
- Илмий тадқиқот ишларини мунтазам олиб бормаслик ва амалиётга тадбиқ этмаслик ҳар қандай соҳани ривожланишдан тўхтатиб қўяди, нефт-газ соҳаси ҳам бундан мустасно эмас, - дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг илм-фан ва инновация бўйича маслаҳатчиси Элёрбек Саидахмедов. – Шу нуқтаи назардан давлат раҳбарининг қарори ва унга асосан таълим кластерларининг ташкил этилиши нефть-газ соҳасини янада ривожлантириш учун муҳим қадам саналади. Йиғилишда ҳам илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш борасида муҳим масалалар келишиб олинди. Масалан, “UNG training” маркази таркибини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, жумладан 2022 йил 1 октябрга қадар Марказнинг ўқув жараёнига камида 5 нафар малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, ўқув маркази биносида Таълим кластери таркибига кирадиган олий ва профессионал таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари учун алоҳида хоналар ташкил этиш бўйича чоралар белгиланди.
Соҳага бундай ёндашув, албатта соҳа раҳбарлари ва мутахассислари билим ва тафаккурининг илмий, техник даражасини ҳар томонлама ривожлантириб, яратилган шароитлар нефть-газ саноати корхоналарининг илмий ва техник салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА