Таълим: ислоҳотлар ўз самарасини беради
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси ҳамкорлигида Ангрен шаҳрида “Таълим манзилларида ислоҳотлар самараси” мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда медиа соҳаси фаоллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур пресс-турдан кўзланган асосий мақсад, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, ёшлар учун берилаётган имкониятлар ҳамда ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборатдир.

Пресс-тур давомида иштирокчилар шаҳарда таълим, маданият ва ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилаётган замонавий лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Тадбирнинг биринчи манзили Янги Ангрен маданият ва спорт маскани бўлди. Бино ОКМК ҳомийлигида 31 миллиард сўмлик маблағ эвазига замонавий қиёфага келтирилган. Иштирокчиларга ёшлар учун ташкил этилган замонавий тўгараклар, стартап ва инновацион лойиҳалар, сунъий интеллект ва робототехника йўналишидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, спорт зали, гимнастика хонаси, рассомлик ва доирачилар тўгараклари фаолияти кўздан кечирилди.

Ҳудуддаги 43-умумтаълим мактаби директори Тожинисо Алибоеванинг айтишича, мазкур мажмуанинг фойдаланишга топширилиши аҳоли, айниқса, ёшларнинг маданият ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиши ҳамда миллий қадриятлар ва санъатни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Охирги йиллар мактабларда ташкил этилган “Иқтидор”, “Турон” мактаб театрлари болаларда катта қизиқиш уйғотди. Эндиликда Янги Ангрен маданият ва спорт саройидаги театр саҳналарида кўплаб бадиий асарларни болалар иштирокида намойиш қилиш мумкин. Айниқса, ангренлик ёшлар вилоят ва Республика миқёсида ташкил этилаётган турли кўрик-танловларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

ОАВ вакиллари 12-сонли умумтаълим мактабида яратилган замонавий таълим муҳити, инклюзив синфлар, STEM ва IT хоналари фаолияти билан ҳам танишди. Хусусан, бу ердаги ўқувчилар дарсдан бўш вақтларини робототехника ва дастурлар тўгарагига фаол қатнашмоқда. Ангрен шаҳри бўйича мактаб ёшидаги 40 нафар болалар шу жараёнга жалб қилинган. Уларнинг кўпи ҳозирда ўз лойиҳасига ҳам эга.

Пресс-турнинг сўнги манзили 33-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Ҳозирги кунда бу таълим даргоҳида 1 минг 400 дан зиёд ўқувчи таҳсил олади. 7-10 синфлар учун махсус инглиз тили, математика, тарих каби фанлар ўтилади. Педагогларнинг кўпи махсус сертификатларга эга бўлиб, ўз йўналишларида илмий ишлар билан ҳам шуғулланмоқда.

– Битирувчиларнинг барчаси олийгоҳларга муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди, – дейди 33-сонли умумтаълим мактаби директори Диловар Турғунбоев. – Сўнгги йилларда мактабимиз Россия Федерациясининг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундан ташқари, мактабимизда турли йўналишларда пуллик тўгараклар ташкил қилинган. Жорий йил бошидан буён жамғарган маблағларимиз 90 миллион сўмга етди ва бу маблағларни тегишли тартибда кузатув кенгашлари қарори билан мактаб ривожи йўлида сарфлаш режалаштирилган. Ўқувчиларимизнинг эришаётган натижалари ҳам таҳсинга лойиқ. Хусусан 300 нафардан ортиғи инглиз тилидан сертификатларга эга. Спортнинг турли йўналишлари бўйича мамлакат ва халқаро миқёсидаги чемпионларимиз сафи ҳам кенгайган.

Пресс-тур давомида нодавлат мактабгача таълим муассасасида болалар учун яратилган хавфсиз ва замонавий муҳит, эрта ривожлантириш марказлари ҳамда инновацион таълим усуллари билан ҳам танишилди. Шу билан бирга, журналист ва блогерлар учун очиқ мулоқот, савол-жавоблар, интервьюлар ҳамда медиа сессия ташкил этилди.
А.Мусаев, ЎзА.