Таълим ҳуқуқига 60 йил: Ҳар бир инсон учун тенг имкониятлар
Инсоният тарихининг қайси бир даврига назар ташламайлик, тараққиёт ва фаровонликнинг ортида айнан бир омил - билимга бўлган интилиш турганини кўрамиз. Бугунги шиддат билан ривожланаётган асрда эса бу ҳақиқат янада яққол намоён бўлмоқда. Таълим бу шунчаки мактаб ёки университет партасида олинадиган ахборотлар мажмуаси эмас. У инсон ҳаётини тубдан ўзгартиришга, унинг ичидаги яширин салоҳият ва орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга қодир бўлган энг қудратли кучдир.
Жорий йилда инсон ҳуқуқлари тарихидаги муҳим халқаро ҳужжатлардан бири - Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганига 60 йил тўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган ушбу ҳужжат таълим олиш ҳуқуқининг халқаро миқёсда эътироф этилиши ва мустаҳкамланишида алоҳида ўрин тутади.
Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси ўқитувчиси Асилбек Мўминов ушбу халқаро пакт хусусида қуйидагиларни маълум қилди:
–Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 13-моддасида ҳар бир инсоннинг таълим олиш ҳуқуқи эътироф этилиб, таълим шахснинг ҳар томонлама камол топиши, унинг қадр-қимматини англаши, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозимлиги белгиланган. Мазкур тамойилларнинг аҳамияти шундаки, таълим олиш имконияти инсоннинг келиб чиқиши, моддий аҳволи ёки ижтимоий мавқеи билан белгиланмаслиги керак. Ҳар бир инсон ўз қобилияти ва интилишларини рўёбга чиқариш учун муносиб имкониятга эга бўлиши муҳим.
Ўтган олтмиш йил давомида дунё таълим тизими сезиларли даражада ўзгарди. Анъанавий синфхоналар билан бир қаторда рақамли таълим платформалари, масофавий ўқитиш, халқаро академик алмашинув дастурлари ва замонавий таълим технологиялари кенг ривожланди. Аммо бу ўзгаришлар замиридаги асосий ғоя ўзгармади: таълим ҳар бир инсон учун очиқ ва имкон қадар қулай бўлиши лозим.
Мамлакатимизда ҳам таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Янгиланган Конституциямизнинг 50-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу конституциявий қоида давлатнинг узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, бепул умумий ўрта ва бошланғич профессионал таълимни кафолатлаш, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун инклюзив таълимни таъминлаш каби вазифалари билан янада мустаҳкамланган.
Шунингдек, Конституциянинг 51-моддасида фуқароларнинг давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиш ҳуқуқи белгиланган. Бу эса ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг келажакда малакали мутахассис бўлиб етишиши учун муҳим имкониятдир. Таълим соҳасида тенг имкониятларни таъминлаш ҳақида гап кетганда, фақат таълим муассасалари сони ёки мавжуд ўқув дастурларига эътибор қаратишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, таълим имкониятларидан кимлар ва қандай шароитларда фойдаланаётганидир. Масалан, чекка ҳудудда яшовчи боланинг сифатли таълим олиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож оиладан чиққан ёшнинг олий маълумотга эга бўлиши ёки ногиронлиги бўлган шахснинг ўз қобилиятини намоён эта олиши таълим тизимидаги адолат ва тенгликнинг амалий ифодасидир.
Шунинг учун ҳам таълимда тенг имкониятлар яратиш нафақат таълим сиёсатининг, балки инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсатининг ҳам муҳим таркибий қисмидир. Бугун ёшларимиз учун хорижий олий таълим муассасаларида билим олиш, халқаро дастурларда қатнашиш ва дунёнинг етакчи илмий марказлари тажрибасини ўрганиш имкониятлари ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Хорижда таҳсил олиш тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, халқаро таълим муҳити инсонга фақат янги билимларни эмас, балки турлича фикрлаш, мустақил изланиш, маданиятлараро мулоқот қилиш ва дунёга кенгроқ назар билан қараш кўникмаларини ҳам беради. Энг муҳими, бундай тажриба инсонда ўз билимини жамият манфаатлари йўлида қўллашга бўлган масъулиятни кучайтиради. Айни пайтда, сифатли таълимнинг асосий мезони фақат хорижда ёки нуфузли университетда таҳсил олиш билан белгиланмайди. Таълимнинг ҳақиқий самараси инсон олган билимларини амалиётда қай даражада қўллай олиши, мустақил фикрлаши ва жамият ривожига қандай ҳисса қўшиши билан намоён бўлади.
Бу жараёнда ўқитувчининг ўрни беқиёс. Чунки ҳар қандай замонавий технология ёки мукаммал ўқув дастури ортида билим берадиган, ёшларни изланишга ундайдиган ва уларга тўғри йўл кўрсатадиган устоз меҳнати туради. Бежизга Конституциямизнинг 52-моддасида ўқитувчи меҳнати жамият ва давлатни ривожлантиришнинг асосларидан бири сифатида эътироф этилмаган. Педагогларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг касбий ривожланиши ва фаровонлигига эътибор қаратиш, пировардида таълим сифати ва ёш авлод келажагига хизмат қилади.
Олий таълимда фаолият юритаётган педагог сифатида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги талаба фақат тайёр билимни ўзлаштириш билан чекланмаслиги керак. У савол бериш, мустақил таҳлил қилиш, ўз фикрини асослаш ва янгилик яратишга интилиши зарур. Ана шундай ёндашув таълимни оддий билим бериш жараёнидан шахсни ҳар томонлама ривожлантириш воситасига айлантиради. Шу билан бирга, таълим олиш ҳуқуқининг тўлақонли таъминланиши ёшларнинг ўз имкониятларига бўлган ишончини ҳам мустаҳкамлайди. Ўз олдига мақсад қўйган, изланишдан тўхтамаган ва билим олишга интилган ёш учун яратилган ҳар бир имконият келажакдаги катта ютуқларнинг бошланиши бўлиши мумкин.
Бугун халқаро ҳамжамият Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигини нишонлаш арафасида турган бир пайтда, унда белгиланган таълим олиш ҳуқуқининг мазмун-моҳиятига янгича назар ташлаш айниқса долзарб. Зеро, таълим олиш ҳуқуқи қоғозда мустаҳкамланган кафолат бўлиб қолмасдан, ҳар бир инсон ҳаётида реал имкониятга айланиши зарур.
Бунинг учун таълимнинг очиқлиги, сифати ва узлуксизлигини таъминлаш, барча учун тенг имкониятларни кенгайтириш ҳамда ўқитувчи меҳнатининг нуфузини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Таълимга берилган эътибор инсон қадрига берилган эътибордир. Билим олиш имкониятига эга бўлган инсон ўз келажагини мустақил қуради, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшади ва жамият тараққиётининг фаол иштирокчисига айланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА