Юқори технологик тиббиёт ва илмий салоҳият
Самарқанд шаҳри замонавий тиббиёт ва фармацевтика йўналишидаги илғор ташаббуслар марказига айланиб бормоқда.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Самарқанддаги «Meros International Hospital» кўп тармоқли клиникасида бўлиб, бу ерда тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда фармацевтика соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Тиббиёт муассасасида яратилган шароитлар, беморларга кўрсатилаётган юқори технологик хизматлар ҳамда энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий ускуналарнинг имкониятлари кўздан кечирилди. Агентлик раҳбари муассасанинг моддий-техник базаси ва замонавий бошқарув тизимини юқори баҳолади.
Хусусан, жараёнда клиника ҳузурида янгидан ташкил этилган биоэквивалентлик лабораторияси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур илмий-тадқиқот ва синов маркази дори воситаларининг терапевтик самарадорлиги ва хавфсизлигини баҳолашда муҳим ўрин тутади. Қайд этилганидек, бу каби лабораторияларнинг фаолият юритиши янги фармацевтика маҳсулотларини яратиш, илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш ҳамда дори воситаларининг халқаро стандартларга тўлиқ мослигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мулоқот чоғида ҳудудларда бундай юқори технологик инфратузилмани ривожлантириш миллий фармацевтика тармоғининг илмий-технологик салоҳиятини янада ошириши қайд этилди. Шунингдек, маҳаллий дори воситаларининг сифат кўрсаткичларини яхшилаш, уларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш бўйича истиқболли вазифалар муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА