Таълим фидойилари йиғини
Гулистон шаҳридаги Президент мактабида "Устозлар –таълим бунёдкори" мавзусида “Ўқитувчилар қурултойи” ўтказилди.
Анжуманда Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги ва вилоят бошқармаси масъуллари, шунингдек, вилоят таълим тизимида фаолият олиб бораётган хорижлик ва маҳаллий илғор ўқитувчилар иштирок этди. Қурултой бошланғич таълим, аниқ фанлар, табиий фанлар, она тили ва адабиёт йўналишларида ташкил этилди. Унда хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан илғор тажрибалар асосида яратилган дарсликлар мажмуалари асосида ўқитиш методикалари, ўқиш саводхонлиги ва она тили фанлари доирасида 4К моделини қўллаш, ўқувчиларда ХХI аср кўникмаларини шакллантириш, лойиҳага асосланган таълим, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича семинар-тренинглар ўтказилди.

Ўқитувчилар қурултойида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темур Комилов ушбу тадбирнинг моҳияти, ундан кўзланган мақсад ҳақида гапирди. Шунингдек, вазир ўринбосари ҳамда ўқитувчилар сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини қамраб олаётган кенг ислоҳотлар жараёни ва эришилган ютуқлар, амалга оширилган халқаро лойиҳалар, Ўзбекистоннинг улардаги иштироки, натижалари, халқаро тажрибаларга мувофиқ узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди. “Ўқитувчилар қурултойи” нинг туман (шаҳар) босқичларида соҳа ходимлари томонидан берилган таклифларни амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Тадбир доирасида вазир ўринбосари ва сирдарёлик умумтаълим мактаблари ўқитувчилари тизимдаги муаммолар ва таклифлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Таълим соҳасида астойдил хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ўқитувчилар “Халқ таълими фидойиси”, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
– Кўп йиллик самарали меҳнатларим учун "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирландим, – дейди Янгиер шаҳар 11-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Нилуфар Пўлатова. –Бу рағбат менга бир томондан қувонч бағишлаган бўлса, ёш авлодга янада масъулият билан сабоқ беришим лозимлигини қалбдан ҳис этдим.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири