Талабалар ёнғинни ўчиришни амалда синаб кўрдилар
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган амалий ўқув машғулоти ўтказилди. Тадбир Янгиер шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда шаҳар ФВДқТ ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Машғулотнинг асосий мақсади талабаларда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, эвакуация тартибини бажариш, тегишли хизматлар билан ҳамкорликда тезкор ҳаракат қила олиш кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.


Шартли равишда тревога сигнали берилгач, талабалар бинони тартибли равишда тарк этиб, хавфсиз ҳудудга йўналтирилди. Жараёнда уларга эвакуация йўналишлари ва йиғилиш нуқталари ҳақида амалий кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ёнғин содир бўлган ҳолда ўт ўчиргичлардан фойдаланиш тартибини намойиш этди. Талабалар амалда ўт ўчиргичдан фойдаланиб кўриш имконига ҳам эга бўлди.

Машғулот доирасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ходимлар жароҳат олганларга ёрдам беришнинг асосий усулларини ўргатиб, амалий машқлар ўтказди.


Талаба Азизбек Умаралиев ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, жумладан шундай деди: – Бу машғулотлар биз учун жуда фойдали бўлди. Аввал китобларда ўқиб ёки видеоларда кўриб юрган қоидаларни бугун амалда синаб кўрдик. Айниқса, ўт ўчиргичдан фойдаланиш ва биринчи ёрдам кўрсатиш машқлари ҳаётий аҳамиятга эга эканини ҳис қилдик. Энг муҳими, хавфли вазиятда ҳар ким ўзини йўқотмай, тартиб билан ҳаракатланиш кераклигини англадик.
Тадбир якунида талабаларнинг машғулотлар пайтидаги хатти-ҳаракатлари, билим ва кўникмалари ижобий баҳоланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири