Талабалар ва педагоглар учун қулайлик
Жиззах педагогика институтининг реконструкция қилинган ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Қарор ва ижро
Жиззах педагогика институтининг реконструкция қилинган ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Жиззах давлат педагогика институти мамлакатимизнинг йирик олий таълим муассасаларидан бири. Институтда кундузги бўлимда 27 та йўналиш бўйича 8 мингдан зиёд, сиртқи бўлимда 11 та йўналиш бўйича 3 минг 361 нафар бакалавр ва 18 та мутахассислик бўйича 291 нафар магистрант, 7 та ихтисослик бўйича 9 нафар таянч докторант ва 10 нафар мустақил изланувчи таҳсил олмоқда. Уларга 524 нафар профессор-ўқитувчи таълим бераётир.
Институт биноси кейинги йигирма йил давомида таъмирланмаганлиги туфайли бир қатор муаммолар юзага келган эди. Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида институтнинг бош ўқув биноси реконструкция қилиниши, маданият саройи капитал таъмирланиши муассаса ҳаётида катта янгилик бўлди. Жами 47 миллиард 300 миллион сўмликдан ортиқ реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида талаба ва педагогларга катта қулайлик яратилди.

Реконструкция ҳамда капитал-таъмирлаш ишлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси буюртмасига асосан “Глобал транс қурилиш монтаж” МЧЖ пудрат корхонаси томонидан амалга оширилди.
Бош ўқув корпуси ва маданият саройини реконструкциядан сўнг фойдаланишга топшириш маросимида Президентимизнинг олий таълимни ривожлантиришга бераётган катта эътибори туфайли институтда ёшларнинг таълим олиши учун барча шароит ва қулайликлар яратилгани алоҳида таъкидланди.

– Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қулайлик ва имкониятлар ҳар томонлама етук педагог кадрлар тайёрлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди институт ректори Абдуғани Холбеков. – Кейинги уч йилда институт талабаларидан 12 нафари республика фан олимпиадаларида ғолиб бўлди. Айни пайтда 700 миллион сўмлик инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Москва давлат педагогика университети, Бошқирдистон давлат педагогика университети, Бошқирдистон давлат университети, Россия Ядро тадқиқотлари илмий маркази, Норвич (Буюк Британия), Шимкент университетлари каби йирик олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Яратилган қулайликлар бу йўналишлардаги имкониятларимизни янада кенгайтиради.