Талабалар уйида туриб ўқишни бошлади
Андижон давлат тиббиёт институтида карантин шароитида масофавий таълим тизими йўлга қўйилди. Талабалар ўз уйларида туриб ўқишни бошлади.
Андижон давлат тиббиёт институтида карантин шароитида масофавий таълим тизими йўлга қўйилди. Талабалар ўз уйларида туриб ўқишни бошлади.
Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида коронавирус пандемияси туфайли ўқувчи ва талабаларга ўз уйларида қолган ҳолда таълим бериш шакллари жорий этилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Андижон давлат тиббиёт институтида навбатдан ташқари таътил давомида талабаларга билим бериш учун масофавий таълим дастури жорий этилиб, дарс машғулотлари бошлаб юборилди.
– Бунинг учун энг аввало, техник имкониятлар яратилди. Яъни институтда малакали мутахассислар тавсиялари асосида 700 ГБ ҳажмдаги электрон маълумотлар базаси шакллантирилди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов. – Базага 118 мингга яқин ўқув-услубий, илмий асарлар ва ҳужжатлар, шу жумладан соҳага оид ўқув адабиётлар, ўқув-услубий қўлланмалар, тиббий мавзудаги видео ва аудио маърузалар, шунингдек, тақдимот, тест саволлардан иборат тўпламлар – тиббий маълумотлар банки ишга туширилди.

Бундан ташқари, 7 та бакалавриат таълими йўналиши бўйича турли фанлардан 500 дан ортиқ дарслик, 5 минг 300 та дастур, магистратура мутахассисликлари йўналишида эса 400 га яқин ўқув дастурлари тайёрланди.
Институтда “I-EDU Group” мутахассислари томонидан Moodle ўқув жараёнини бошқариш платформаси (http://e-univer.adti.uz/) жорий этилди. Ушбу тизим орқали 2019/2020 ўқув йилининг баҳорги семестрида фанлар бўйича ўзлаштирилиши керак бўлган мавзулар юзасидан талабаларга тегишли билим ва кўникмалар берилади ҳамда якунда уларнинг олган билимлари on-line тест тизими орқали баҳоланади.
Масофавий таълим машғулотларида талабалар фаол иштирок этмоқда.