Талабалар учун ўқув қўлланмалар тақдим этилди
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Гулистон давлат университети Психология ва ижтимоий фанлар факультетида “Ижтимоий иш” йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун 12 номдаги, жами 108 та амалий-методик қўлланма тақдим этилди.
Тақдимот маросимида таъкидланганидек, мазкур қўлланмалар талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида замонавий ёндашувларни ўрганиш ҳамда бўлажак мутахассисларни реал ҳаётий вазиятларга тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бош мутахассиси Бахтиёр Аюбқуловнинг қайд этишича, қўлланмалар орқали талабалар кейс-менежмент асосида ишлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламлари билан самарали мулоқот ўрнатиш, муаммоли вазиятларни тўғри таҳлил қилиш ҳамда ижтимоий хизматларни тизимли ташкил этиш каби муҳим кўникмаларни эгаллайди.
– Мазкур қўлланмалар нафақат ўқув жараёни учун, балки келажакдаги касбий фаолият учун ҳам мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Улар талабаларни ижтимоий соҳадаги реал вазиятларга тайёрлаш, мустақил қарор қабул қилиш ва амалий ёндашувни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, – деди Бахтиёр Аюбқулов.

Мутахассислар фикрича, бу каби амалий-методик материаллар олий таълимда назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтиришга, шунингдек, замонавий ижтимоий ходимларни тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади.
Тадбир доирасида билдирилган фикрларга кўра, мазкур ташаббус келажакда малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга ижтимоий соҳа кадрларини тайёрлашга хизмат қилади ҳамда соҳада амалий ёндашувни янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА