Миланда “Ўрик гуллаганда” кўргазмаси доирасида ўзбек миллий мероси намойиш қилинмоқда
Милан шаҳрида бўлиб ўтаётган дизайн ҳафталигида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан “Ўрик гуллаганда” номли кўргазма ташкил этилди.
Жамғарманинг ЎзАга маълум қилишича, мазкур кўргазма лойиҳаси архитектор Кулапат Янтрасаст бадиий раҳбарлиги остида амалга оширилди. Бу кўргазма 20-26 апрель кунлари Милан шаҳридаги машҳур “Palazzo Citterio” боғида ўтказиляпти.

Кўргазма концепцияси шоир Ҳамид Олимжон ижодидан илҳомланган. Унинг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро миқёсда намоён этиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва дизайн ҳамда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришдан иборат.
Тадбирда Қорақалпоғистон ва Орол денгизи минтақасидаги маданий ва экологик масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Кўргазма орқали тикланиш, барқарор ривожланиш ва анъаналар давомийлиги ғоялари ёритилади.
Экспозиция сарой ҳудудида босқичма-босқич жойлаштирилган: кириш қисми, ички ҳовли, галерея заллари ва боғ. Ҳар бир бўлимда ҳудуднинг ўзига хос маданий ва табиий хусусиятлари акс эттирилган. Бу ерда тўқимачилик намуналари, ҳунармандчилик ишлари, флористик инсталляциялар ва архитектура ечимлари намойиш этилган.

Кўргазманинг муҳим қисми Орол денгизига бағишланган. У ўтмиш, бугун ва келажак нуқтаи назаридан ёритилган. Унда турли бадиий ва тадқиқот материаллари, махсус тайёрланган фильм ҳамда “Aral School” таълим дастури натижалари тақдим этилган.
Кўргазмада халқаро дизайнерлар ва ўзбек ҳунармандлари ҳамкорлигига катта аҳамият берилган. Натижада, миллий анъаналарни замонавий услубда ифода этувчи ноёб дизайн ишлари яратилган.
Қайд этиш керак, “Palazzo Citterio” боғида ўтов шаклидаги махсус инсталляция қурилган. 26 апрелга қадар бу ерда халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари ва соҳа вакиллари иштирокида лекциялар, мунозаралар, мастер-класслар ва турли маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА