Талабалар турар жойида сумалак тайёрланди
Жонажон Ўзбекистонимизга байрамлар, яхши кунлар ярашади.
Ўзбек халқи азалдан меҳмондўстлиги билан донг таратган.
Ҳар йили юртимизда яшариш ва янгиланиш фасли бўлмиш баҳорда бир қатор байрамлар нишонланади. Aна шундай байрамлар сирасида урф-одат ва қадриятларимизни ўзида уйғун этадиган Наврўз байрамини айтишимиз мумкин. Ушбу байрамнинг энг шоҳона таоми сифатида сумалак тайёрланади.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти раҳбарияти томонидан Талабалар турар жойида Наврўз байрами муносабати билан сумалак тайёрланди ва хайрия оши тарқатилди.
Ўзбек халқи азал-азалдан ўзининг меҳмондўстлиги, юксак фазилати ва умуминсоний қадриятларини ўзида мужассам этиб келади. Наврўз байрами арафасида ҳар йили сумалак тайёрланиши анъанага айланиб қолган. Ушбу хайрли иш нуронийларнинг дуоси ва эзгу ниятлари билан бошланди.

Институт ректори Илҳом Собиров ва бошқалар юртимизда миллий анъана ва қадриятлар бардавомлигини сақлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Тадбирда эзгу ниятлар билдирилиб, сумалак таоми тайёрланди. Талабалар турар жойида истиқомат қиладиган ўғил-қизлар учун яна бир хайрли иш амалга оширилди, десак муболаға бўлмайди. Дошқозонда ош дамланиб, талабаларга тарқатилди. Ёшлар томонидан саҳна кўринишлари, байрам табриклари, санъаткорларнинг концерт дастури байрамга янада кўтаринкилик бахш этди.

ЎзА