Талабалар таклифи қўллаб-қувватланди
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда сенаторлар, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият иститутида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар: ёшларнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали вазифамиз” мавзусида семинар ўтказилди.
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда сенаторлар, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Президентимиз Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, айниқса, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни илм-маърифат ва спортга кенг жалб қилиш каби масалаларни тизимли бажариш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Хусусан, маданият ва санъат муассасаларига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш борасидаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 22 театр ва маданият объекти қурилади, реконструкция қилинади. Шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида 20 маданият маркази ва истироҳат боғи фаолияти йўлга қўйилади.
Кинематография соҳасида бадиий етук асарлар яратиш, замонавий киноиндустрияни ривожлантириш, жумладан, янги кинотеатрлар қуришни таъминлаш эътибор марказида бўлади. Жорий йилда давлат буюртмаси асосида кино маҳсулотлари ишлаб чиқаришни молиялаштириш такомиллаштирилади. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан Кинематографияни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда “Кинематография тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқиш бўйича зарур кўрсатма берилди. Бу саъй-ҳаракатлар, аввало, ушбу йўналишда таҳсил олаётган ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Бироқ сўнгги йилларда санъат ва маданият йўналишини битирган ёшлар ўз соҳасида фаолият юритмаётир, шу туфайли мутахассисларга талаб юқори бўлмоқда.
Семинарда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ёшларни малакали кадр қилиб тайёрлаш, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини оптималлаштириш борасида қилиниши зарур бўлган ишларни айтиб ўтди. Айниқса, мутахассисликка алоқаси бўлмаган ижтимоий фанлар сонини қисқартиришда талабалар фикрини ўрганиш муҳимлиги ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ёшлари томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, китобхонлик маданиятини юксалтиришга каратилган “Энг яхши китобхон талаба”, “Энг яхши китобхон гуруҳ” каби танловларни ташкил этиш, фаол талаба ва ўқитувчиларни тақдирлаш каби таклифлар маъқулланди. Талабалар ўртасида Шарқ алломалари ҳаёти ва бой маънавий меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказиш, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Маданият ва маърифат” телеканалида “Талаба минбари” номли кўрсатув ташкил этиш, унда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ёшлар фикрини бериб бориш таклифи ҳам қўллаб-қувватланди.