Талабалар ўртасида “Мунозара” интеллектуал турнири ўтказилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида “Мунозара” интеллектуал турнири бўлиб ўтди.
Турнир талаба-ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг мустақил фикрлаш, ўз нуқтаи назарини асосли ва мантиқий тарзда етказиш, баҳс-мунозара юритиш ва жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилди.

Интеллектуал турнирда билимга чанқоқ ва фаол талабалар долзарб масалалар бўйича ўзаро фикр алмашди. Берилган мавзулар атрофида ўз позицияларини илгари суриб, уни аниқ далиллар, мантиқий хулосалар ва ҳаётий мисоллар орқали асослашга ҳаракат қилди. Айниқса, баҳс-мунозаралар давомида иштирокчиларнинг тезкор қарор қабул қилиш, саволга жавоб бериш қобилияти, рақиб жамоанинг фикрларини таҳлил қилиш ва унга асосланган далиллар билан жавоб қайтариш бўйича кўникмалари ортиб борди.

Турнир якунида барча иштирокчилар институт Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур турнир ёшларнинг билим ва интеллектуал даражасини синовдан ўтказиш билан бирга, улар ўртасида ўзаро фикр алмашиш муҳитини яратиш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири