Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда болалар хафвсизлиги: Европа Иттифоқининг янги ёндашуви
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар болаларнинг руҳияти, маънавиятига тобора кўпроқ таъсир этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада дунёда кечаётган тенденциялар хусусида Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси Мадинабону Шарифова қуйидаги фикрларни билдирди:
– Болаларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ёши тобора пасайиб бораётган бир шароитда уларнинг рақамли муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалага айланмоқда. Чексиз ахборот оқими, фойдаланувчининг диққатини имкон қадар узоқ ушлаб туришга мўлжалланган функциялар, зарарли контент ва нотаниш шахслар билан мулоқот қилиш имконияти болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг янги механизмларини талаб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини ёш хусусиятларига қараб тартибга солишга қаратилган янги ёндашувни илгари сурмоқда. 2026 йил 17 сентябрда Европа Комиссияси болаларнинг онлайн муҳитдаги хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган EU KIDS Act қонунчилик таклифини қабул қилди.
Таклифга кўра, 13 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига йўл қўймаслик, 13–15 ёшдагилар учун эса ота-она ёки васий назоратидаги имкониятлари чекланган “мини-аккаунтлар”ни жорий этиш назарда тутилган. 15 ёшдан бошлаб мустақил аккаунт очиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.
Янги ёндашувнинг эътиборли жиҳати - болаларнинг рақамли хавфсизлиги учун масъулиятни фақат ота-она ёки фойдаланувчининг ўзига юкламасдан, онлайн платформалар зиммасига ҳам аниқ мажбуриятлар юклаш ғоясидир. Бунда рақамли хизматлар болалар учун ёшга мос ва хавфсиз муҳитни таъминлаш тамойили асосида ишлаши кўзда тутилмоқда.
Хусусан, болалар аккаунтларида чексиз тасма, ортиқча хабарномалар ва фойдаланувчини платформадан узоқ вақт давомида фойдаланишга ундайдиган айрим функцияларни чеклаш назарда тутилган. Бу ерда масаланинг моҳияти рақамли муҳит боланинг ёши ва манфаатларига мос бўлиши кераклигидадир.
Ёшни аниқлаш масаласида ҳам шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Европа Иттифоқи фойдаланувчининг белгиланган ёш талабига жавоб беришини тасдиқлаш имконини берувчи махсус рақамли ечимлардан фойдаланишни кўзламоқда. Бунда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки биометрик маълумотларни ортиқча сақлашга йўл қўймаслик муҳим тамойил сифатида қаралмоқда.
Бу ёндашув болани ҳимоя қилиш унинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини чеклаш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозимлигини англатади.
Яна бир муҳим жиҳат - болалар хавфсизлиги масаласи фақат ижтимоий тармоқлар билан чекланмаяпти. Видеоплатформалар, онлайн ўйинлар, сунъий интеллект асосидаги чатботлар ва виртуал ҳамроҳлар ҳам болалар учун хавфсиз рақамли муҳит талабларига жавоб бериши лозимлиги масаласи қўйилмоқда.
Айниқса, сунъий интеллектга асосланган хизматлар билан боғлиқ ёндашув эътиборга молик. AI чатботлари ва виртуал ҳамроҳларнинг болаларда эмоционал қарамликни кучайтирувчи тарзда ишлашига йўл қўймаслик масаласи ҳам янги тартибга солиш доирасида кўтарилмоқда.
Европа Иттифоқининг мазкур ташаббусини фақат болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди. Унинг моҳияти рақамли технологияларни тақиқлашдан кўра, улардан фойдаланиш муҳитини боланинг ёши, ҳуқуқлари ва манфаатларига мослаштиришга қаратилган.
Бола ахборот олиш, таълим олиш, мулоқот қилиш ва рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Айни пайтда унинг хавфсизлиги, шахсий маълумотлари дахлсизлиги ва соғлом рақамли муҳитда улғайиш ҳуқуқи ҳам таъминланиши зарур. Бу икки масала бир-бирига қарама-қарши қўйилмаслиги керак.
Шу маънода, Европа Иттифоқининг янги ёндашувидан келиб чиқадиган муҳим хулоса шундаки, бола рақамли муҳитга мослашишга мажбур бўлмаслиги, аксинча, рақамли муҳит боланинг ёши ва манфаатларига мослаштирилиши керак.
Мазкур ёндашув Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган болалар фаровонлиги, сифатли таълим, тенг имкониятлар ва хавфсиз жамиятни таъминлаш вазифалари билан ҳам мазмунан уйғун.
Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги шароитда болаларни интернетда ҳимоя қилиш энди фақат ота-онанинг назорати билан ҳал этиладиган масала эмас. Бу оила, таълим муассасаси, давлат, фуқаролик жамияти ва рақамли платформаларнинг умумий масъулиятини талаб қиладиган комплекс ижтимоий-ҳуқуқий вазифадир.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.