Талабалар маҳаллаларнинг “оғир”ини “енгил” қилишга “бел” боғлади
Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 23 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида республика бўйича 903 та “оғир” маҳалла учун бош режалар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди.
Айни кунларда давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириғига асосан Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети томонидан амалий ишлар бошлаб юборилди.
Мазкур жараёнга университетнинг Архитектура, Қурилиш, Иқтисодиёт йўналишлари, шунингдек, республиканинг архитектура ва қурилиш муҳандислиги соҳасидаги етакчи олий таълим ташкилотларидан жами 987 нафар битирувчи курс талабалари, ёш тадқиқотчилари вилоятдаги 141 та маҳаллага бириктирилди.
Ҳозирда талабалар махсус ташкил этилган штабда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича амалий таклифлар тайёрламоқда.
– Таклифларда инфратузилмани яхшилаш, қурилиш ва энергетика масалалари, қишлоқ хўжалиги ҳамда тадбиркорлик ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ректор вазифасини вақтинча бажарувчиси Сардор Ходжаниязов. – Бугун ушбу ишларнинг боришини ўрганиш мақсадида Қўшкўпир тумани Зарбдор маҳалласида бўлиб, талабалар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар ва таклифлар билан танишдим.
Талабалар ўз ғояларини тақдимотлар орқали намойиш этди.
[gallery-27621]
Уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Зарбдор маҳалласи 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлса-да, ҳудудда ҳануз айрим инфратузилма муаммолари сақланиб қолмоқда. Шунингдек, аҳолининг ўртача даромадини ошириш ва муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида манзилли дастурларни амалга ошириш зарурати мавжуд.
Иқтидорли талабаларнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган янгича ёндашувлари маҳаллани аниқ ихтисослаштириш, томорқа ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, аҳолини сув, сифатли уруғ-кўчат ҳамда бозор билан узвий боғлаш орқали қисқа муддатда сезиларли натижаларга эришиш имконини беради.
Мазкур ташаббус нафақат маҳалла ривожига хизмат қилмоқда, балки талаба-ёшлар учун дуал таълим асосида муҳим амалий тажриба мактаби вазифасини ҳам бажармоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (cурат), ЎзА мухбирлари