Талабалар ишлаб чиқаришда чиниқишади
Энди Гулистон давлат университетининг биология, биотехнология ва агрономия йўналишларида таҳсил олаётган талабалар замонавий биотехнологик корхонада ишлаб чиқариш амалиётини ўташ, халқаро талаблар асосида жиҳозланган лабораторияларда илмий изланишлар олиб бориш ҳамда инновацион технологияларни амалда ўзлаштириш имкониятига эга бўлишади. Бу борадаги ишлар Гулистон давлат университети ҳамда «Агроинвитро» биотехнологик кўчатчилик комплекси ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувига мувофиқ амалга оширилади.
Шу муносабат билан Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов ҳамда Табиий фанлар факультети декани Абдуҳаким Мусурманов «Агроинвитро» компанияси фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ташриф давомида талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда «Агроинвитро» мамлакатимиздаги энг йирик инновацион биотехнологик кўчатчилик комплексларидан бири ҳисобланади. Ғаллаорол туманида 20,4 гектар майдонда барпо этилган мажмуа таркибида 3 500 квадрат метрли юқори технологияли in vitro лабораторияси, 2 гектар автоматлаштирилган иссиқхона, 18 гектар она кўчатлар боғи ҳамда замонавий музлаткич омбори фаолият юритмоқда. Лаборатория Нидерландиянинг Viscon Group компанияси ишлаб чиққан замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда микроклонал кўпайтириш, вирус ва бактериал касалликлардан холи кўчатлар етиштириш ҳамда уларни ташқи муҳитга босқичма-босқич мослаштиришнинг тўлиқ технологик занжири йўлга қўйилган. Корхона 2025 йилда ISO 9001:2015 халқаро сифат бошқаруви сертификатини ҳам қўлга киритди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, in vitro технологияси анъанавий кўчатчиликдан тубдан фарқ қилади. Мазкур усул ўсимликнинг меристема тўқимасини стерил лаборатория муҳитида кўпайтириш орқали генетик жиҳатдан барқарор, вируслардан холи ва юқори ҳосилдор кўчатлар олиш имконини беради. Бу эса интенсив боғдорчилик, узумчилик ва мевачиликда маҳсулдорликни ошириш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Йўлга қўйилаётган ҳамкорлик доирасида талабалар генетика, ўсимликлар физиологияси, молекуляр биология ва биотехнология фанларидан аудиторияларда олган назарий билимларини замонавий лаборатория ҳамда иссиқхона шароитида мустаҳкамлайди. Улар стерил муҳитда ишлаш, озуқавий муҳитлар тайёрлаш, микроклонал кўпайтириш, ўсимликларни акклиматизация қилиш, сифат назорати ва лаборатория таҳлилларини амалий жараёнларда бевосита мутахассислар раҳбарлигида ўзлаштиради.

Шунингдек, магистрлар ва таянч докторантлар ўз илмий тадқиқотларини ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш имкониятига эга бўлади. Қўшма лойиҳалар доирасида маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос, юқори ҳосилдор ва касалликларга чидамли мевали дарахтлар ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб бориш режалаштирилган.

— Бизнинг асосий мақсадимиз талабаларни фақат назарий билим билан эмас, балки замонавий ишлаб чиқариш муҳитида шаклланган амалий кўникмалар билан қуроллантиришдир. «Агроинвитро» компанияси билан ҳамкорлик таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқади. Бу ерда талабалар ҳақиқий инновацион муҳитда ишлашни ўрганади, профессор-ўқитувчилар эса ишлаб чиқариш билан боғлиқ янги илмий йўналишларни ривожлантириш имкониятига эга бўлади, — дейди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.

Бугун меҳнат бозори нафақат дипломли, балки замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган, илмий фикрлайдиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини чуқур биладиган мутахассисларни талаб қилмоқда. Гулистон давлат университети ва «Агроинвитро» ўртасида йўлга қўйилаётган мазкур ҳамкорлик айнан шундай рақобатбардош биотехнологлар авлодини тарбиялаш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ва мамлакатимиз аграр соҳасининг инновацион тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири