Томорқаси бор одам – бой одам
Нарпай туманида маҳаллаларни чуқур ихтисослаштириш, “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида томорқалардан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мавжуд 53 маҳаллани иссиқхона ташкил этган ҳолда қулупнай ва бошқа сабзавот экинлари етиштириш ҳамда паррандачиликка ихтисослаштириш кўзда тутилган. Шу билан бирга айни пайтда маҳаллаларда ўзини оқлаган ва бу борада аҳоли томонидан бой тажриба орттирилган деҳқончилик йўналишларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, Ўзбекистон маҳалласидаги хонадонларнинг деярли барчасида йил давомида карам етиштирилади. Аҳоли бу экиннинг кам харажат, лекин сердаромад эканини ўз тажрибасида кўрган ва шу боис қишин-ёзин маҳалладан исталган турдаги карамни топиш мумкин.
Дастлаб тажрибали томорқачи Ҳаким Расулов шуғуллана бошлаган бу иш бугун бутун маҳалланинг асосий деҳқончилик машғулоти, даромад манбаи ҳисобланади. Ҳаким ака 20 сотих томорқасида оила аъзолари билан бирга йил давомида карам парваришлайди. Ўзи кўчат тайёрлаб, маҳалладошларига ҳам тарқатади. Вақти келиб ҳосил тайёр бўлганда эса уни сотишга кўмаклашади.
– Маҳалламиз тумандаги энг катта маҳаллалардан бири ҳисобланади, 1017 хонадонда 5698 нафар аҳоли яшайди, – дейди Ўзбекистон маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Жамшид Насруллаев. – Томорқачиликда карам ва сабзавот етиштиришга ихтисослашганмиз. Бу йил яна 107 хонадонни карам етиштиришга ихтисослаштириш режалаштирилган. Бу борада маҳалладошларимизга уста деҳқонимиз Ҳаким Расулов яқиндан ёрдам беряпти. У кишининг кўмаги билан аҳолига карам етиштириш ўргатиляпти, кўчат тайёрлашга кўмаклашиляпти. Карамчиликнинг қулайлиги йилига уч-тўрт марта ҳосил олиш, ўртача 65-70 миллион сўм даромад қилиш мумкин. Маҳалладошларимиз орасида бундан кўп даромад олаётганлари ҳам бор. Ана шу ишлар натижасида маҳалламизда камбағаллик ва ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини оширишга эришяпмиз. Йил бошида бизда камбағаллик даражаси 5,4 фоиз эди, ҳозир 1,9 фоизга тушди.
[gallery-30649]
Шу маҳаллада яшовчи Бозор Ҳасанов ҳам ўзининг 8 сотих томорқасидан самарали фойдаланиб, рўзғорини обод қиляпти, қўни-қўшниларига намуна бўлмоқда. Етмиш ёшдан ошган отахон ёшларга хос ғайрат билан ўзи бош бўлиб томорқада ишлайди ва ердан йилига уч марта ҳосил олади. Ҳовлининг бир қисмида – 3 сотих ерда қурган иссиқхонасида аввал гулкарам, кейин помидор ва кўкатлар етиштириб, ўртача 50-60 миллион сўм даромад қилмоқда.
– “Менинг боғим” дастури бўйича 50 туп “Изабел” навли беҳи кўчати эккандим, бу йил нишона ҳосил берди, – дейди Бозор бобо. – Кўчатлар орасида ҳозир бодринг экканмиз, буям қўшимча даромад. Ўтган йил Фарғонанинг Олтиариқ туманидан ҳусайни узум қаламчалари келтириб, ҳовли четида айлантириб эккандим. Насиб этса, келгуси йил баҳорда тайёр бўлган кўчатларни ўзимиз экамиз, қўни-қўшниларга берамиз. Худога шукр, еримиз унумдор, сув бор, биздан талаб қилинадигани озгина ҳафсала, меҳнат. Томорқаси бор одам – бой одам, ердан унумли фойдаланиб, тўқ ва фаровон яшаса бўлади. Бошқаларни билмадим, лекин бизнинг маҳалладошларимиз буни яхши англайди.
Беш қўл баробар бўлмаганидек, маҳаллалардаги ҳамма хонадонда ҳам деҳқончилик билан шуғулланиш учун имконият бўлмаслиги ёки оила аъзоларида тажриба, кўникма етишмаслиги мумкин. Нарпайда бундай оилаларга аввало давлатнинг тегишли дастурлари асосида ҳамда ҳомийлар томонидан иссиқхона ташкил этиш, кўчат ва уруғлик бериш тарзида амалий ёрдам берилмоқда. Қолаверса, маҳалла еттилиги, қўни-қўшнилар ҳам бундай маҳалладошларига ўз тажрибасини ўргатиш орқали яқиндан кўмаклашмоқда. Масалан, Оқ олтин маҳалласидаги 19 та камбағал оиланинг 12 таси томорқасида ҳомийлик асосида бир сотихдан иссиқхона ташкил этилиб, қулупнай етиштириш ўргатилмоқда. Умуман, бу йил туман бўйича 100 оилага ҳомийлар томонидан шундай иссиқхона қуриб берилмоқда. 12 маҳалладаги 200 та камбағал оилада эса парранда парваришлаш учун шароит яратилмоқда.
<iframe width="1331" height="749" src="https://www.youtube.com/embed/8KHV7xsethA" title="Tomorqasi bor odam – boy odam" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари