Талабалар ишга суҳбат асосида қабул қилинади
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Унда “Навоийазот” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Фаррух Самадов мазкур олий таълим муассасасининг битирувчи курс талабалари билан учрашди.
Дастлаб университет ректори Бахтиёр Мардонов сўзга чиқиб, малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, дуал таълим тизими асосида 4 кун олий таълим даргоҳида ҳамда 2 кун бевосита ишлаб чиқариш корхонасида амалий машғулотлар ўтказилаётгани, бевосита “Навоийазот” АЖ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
[gallery-20766]
Ф.Самадов эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилиши, барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очиши, дуал таълимни йўлга қўйиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб берганини таъкидлади.
Шунингдек, Ф.Самадов “Навоийазот” АЖ томонидан 2030 йилга қадар амалга ошириладиган йирик инвестициявий лойиҳалар хусусида маълумот бераркан, муҳандислик ва иқтисодиёт соҳаси кадрларига бўлган эҳтиёж, ёш мутахассисларга қўйилаётган талаблар, талабалар ўз касби бўйича билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари билан биргаликда хорижий тилларни ҳам билиши нечоғлик муҳим эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
– “Навоийазот”да Европа мамлакатлари, АҚШ, Хитой ва бошқа бир қатор давлатларнинг йирик компаниялари билан қўшма корхоналар ташкил этилмоқда, – деди Ф.Самадов. – Германиянинг “Линде” компанияси шулардан бири саналади. Мазкур компания техник газлар ишлаб чиқарувчи глобал тармоқ бўлиб, 160 та давлатда корхоналари мавжуд. Ҳамкорликдаги лойиҳамиз келаси йилнинг охирига қадар ишга туширилади. Албатта, бу замонавий мажмуага ўз соҳасида чуқур билимга эга ёш мутахассислар керак. Янги корхонада тажриба орттирган мутахассис, табиийки мазкур компаниянинг дунё бўйлаб бошқа ишлаб чиқариш мажмуаларида ҳам ишлаш имконига эга бўлади. “Навоийазот” олдида турган яна бир масала бевосита корхонанинг ўзида касбий фаолият билан бирга илмий-тадқиқот ишларини амалга оширувчи олимлар таркибини шакллантириш саналади. Бу борада ҳам олий таълим муассасалари, жумладан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчимиз. Бу албатта, келажакда ўз самарасини беради.
Мулоқот давомида завод раҳбари талабаларнинг бир қатор саволларига батафсил жавоб берди.
Якунда корхона мутахассислари кимёвий технология, электр энергетика, технологик жараёнларни автоматлаштириш, иқтисодиёт каби йўналишларда таҳсил олаётган талабалар билан суҳбатлашди. Уларни келгусида суҳбат асосида ишга олиш юзасидан таклифларини билдирди.
Учрашув сўнггида Ф.Самадов университетда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда бир қатор лабораториялар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди ва профессор-ўқитувчилар билан суҳбатда бўлди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари