Талабалар диққатига: ётоқхона учун аризалар қабули бошланди
1 августдан бошлаб олий таълим муассасалари талабалари учун талабалар турар жойига (ётоқхонага) жойлашиш бўйича аризалар қабули бошланди.
Янги ўқув йилидан бошлаб жараён янада соддалаштирилиб, ётоқхонага жойлашиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш ягона электрон хизмат орқали амалга оширилади.
Аризалар my.gov.uz портали орқали қабул қилинади. Жараён Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган регламент асосида ташкил этилади.
Аввало имтиёз ва устуворлик ҳуқуқига эга талабгорлар турар жой билан таъминланади. Шундан кейин қолган ўринлар умумий навбат асосида қуйидаги улушларда тақсимланади:
1-босқич талабалари — 55–65 фоиз;
2-босқич талабалари — 15–20 фоиз;
3-босқич ва ундан юқори курслар — 20–25 фоизгача.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб энг муҳим янгиликлардан бири — композит (бирлаштирилган) электрон хизматнинг жорий этилгани. Илгари талабалар ётоқхонага жойлашиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш учун икки алоҳида жараёндан ўтиб, турли идораларга мурожаат қилишига тўғри келар эди. Энди эса бу хизматлар ягона тизимга бирлаштирилди.
Жараён қуйидаги тартибда амалга оширилади:
-ариза кўриб чиқилгандан сўнг талабага электрон шартнома ва йўлланма тақдим этилади;
-шартнома бўйича тўлов амалга оширилгач, композит хизмат автоматик ишга тушади ва вақтинча рўйхатдан ўтиш учун тўлов шакллантирилади;
-мазкур тўлов ҳам амалга оширилгандан кейин талабага яшаш жойи бўйича қайд варағи расмийлаштириб берилади.
Шунингдек, вақтинча рўйхатдан ўтиш муддати тўлов амалга оширилган кундан бошлаб шартномада белгиланган муддатгача амал қилади.
2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг биринчи босқичига тавсия этилган абитуриентлар эса якуний қабул натижалари эълон қилингач ётоқхона учун ариза топшириш имконига эга бўлади. Уларга ҳам амалдаги тартиб асосида ўринлар ажратилади.
Янги тартиб талабаларнинг ортиқча ҳужжатбозлик ва вақт сарфини камайтиради, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали барча жараёнларни бир тизимда амалга ошириш имконини яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА