Мустақилликка муносиб тайёргарлик
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олишга қаратилган тайёргарлик жараёнлари доирасида Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Айниқса, “Долзарб 40 кунлик” ҳамда “Ободлик ва меҳр-саховат” ойлиги доирасида маҳаллалар қиёфасини янада яхшилаш, яшаш муҳитини соғлом ва файзли қилишга қаратилган кенг қамровли ишлар устувор аҳамият касб этмоқда.
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова хизмат сафари билан Дўстлик туманида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигига тайёргарлик ишларининг боришини ўрганди. Сафар давомида у “Долзарб 40 кунлик” доирасида “Саноатчилар” ва “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди.


Ҳудудларда кўчаларни тартибга келтириш, атроф-муҳитни озода сақлаш, дарахт ва манзарали кўчатлар экиш, мавжуд яшил ҳудудларни парваришлаш, аҳоли учун янада қулай ва файзли муҳит яратишга қаратилган ишлар тизимли ташкил этилгани эътиборга лойиқ. Бу каби амалий ишлар нафақат маҳаллаларнинг ташқи қиёфасини яхшилашга, балки экологик барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Ўрганишлар чоғида Гулнора Нормуродова соҳа мутасаддилари билан амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашиб, маҳаллаларни янада обод қилиш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда аҳолининг бу жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берди.


Эътиборли жиҳати шундаки, туманда фақат мазкур икки маҳалладагина эмас, балки бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ободонлаштириш ишлари юқори суръатда олиб борилмоқда. Хусусан, “Ободлик ва меҳр-саҳоват” ойлиги доирасида “Саритепа” маҳалла фуқаролар йиғинида кўчалар, хонадонлар атрофи, йўл ёқалари ҳамда жамоат жойларини тартибга келтириш ва ободонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу жараёнларга маҳалла аҳолисининг фаол жалб этилаётгани ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаб, маҳаллаларнинг файзу тароватини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугун амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар замирида фақат ҳудудларни обод қилиш эмас, балки аҳоли учун соғлом, қулай ва кўркам яшаш муҳитини шакллантиришдек муҳим мақсад мужассам. Шу маънода, “Долзарб 40 кунлик” ва “Ободлик ва меҳр-саховат” ойлиги доирасидаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш билан бирга, маҳаллалар тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА