Талабалар амалий кўникмаларини бойитмоқда
Андижон шаҳридаги “FAW Truck” қўшма корхонасида Андижон давлат техника институти талабалари учун workshop – амалий маҳорат семинари ўтказилди.
Талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништириш ҳамда соҳа бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган маҳорат семинарида институтнинг Автомобилсозлик ва транспорт йўналиши талабалари иштирок этди.

Workshop давомида корхона мутасадди ва мутахассислар томонидан талабаларга корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари ва автомобилсозлик соҳасидаги замонавий ёндашувлар хусусида кенг маълумотлар берилди.

Тадбирда талабалар ишлаб чиқариш муҳити билан яқиндан танишиш билан бирга, мутахассислар билан мулоқот қилиш ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлди.
Workshop таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда бўлажак мутахассисларнинг амалий кўникма ҳамда малакаларини бойитишда муҳим аҳамият касб этди.


Маълумот ўрнида, Андижон шаҳридаги "Vodiy universal majmua" МЧЖ ҳамда Хитой давлатининг “Faw Group” компанияси ҳамкорлигида умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларга тенг лойиҳа доирасида ташкил этилиб, иш олиб бораётган мазкур корхонада “FAW” бренди остида 5 тоннадан юқори юк кўтариш қобилятига эга автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),ЎзА мухбирлари