Аёллар учун реал бизнес имкониятлари яратилади
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида аёллар кун тартиби ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган панел сессия ўтказилди.
Маҳаллий ва хорижий мутахассислар, аёл тадбиркорлар иштирок этган тадбирда гендер жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда сармоя киритиш, аёллар иқтисодий фаоллигини рағбатлантириш ҳамда бундай ташаббусларнинг ижтимоий самарадорлиги муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан “Acwa” компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбари Жон Заиди ва “Hamroh” аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ташкилоти бош директори Дилфуза Нурматова аёлларнинг бизнес соҳасидаги фаоллигини ошириш янги иш ўринлари яратиш, оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, бу нафақат иқтисодий мантиқ, балки ижтимоий зарурат ҳамдир. Тадқиқотларга кўра, аёллар тадбиркорлиги юқори ижтимоий қайтаримга эга бўлиб, улар ўз даромадларининг катта қисмини оила эҳтиёжлари, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтиради. Таққослаш учун, эркакларда бу кўрсаткич ўртача 30-40 фоизни ташкил этади. Шу боис, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида баҳоланади. “Acwa” компаниясининг ушбу йўналишдаги иштироки ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган стратегик инвестиция сифатида кўрилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, янги ташаббус молиявий ёрдам беришдан кўра бозор имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, “Acwa” компанияси ўз лойиҳалари доирасида аёллар бошқараётган корхоналарни хизматлар ва таъминот занжирларига фаол жалб этишни режалаштирмоқда.
Ҳамкорлик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилаётган қайта тикланувчи энергия лойиҳалари қамраб олинади. Ушбу лойиҳалар доирасида логистика, транспорт, овқатланиш ва хизмат кўрсатиш каби соҳалардаги буюртмалар “Hamroh” тавсияси асосида аёл тадбиркорларга йўналтирилади.
– Биз учун аёлларга бизнесни бошлашда шунчаки ёрдам бериш эмас, балки унинг ўсиши ва барқарор ривожланиши учун шароит яратиш муҳим. “Acwa” билан ҳамкорлик қўллаб-қувватлашнинг янги босқичини бошлаб беради. Энди тадбиркор аёллар бир марталик ёрдам эмас, балки ҳақиқий буюртмалар ва узоқ муддатли имкониятларга эга бўлади. Бу эса уларга бизнес келажагини ишонч билан режалаштириш ва ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш имконини беради, – деди Д.Нурматова.
Жон Заидининг таъкидлашича, ҳамкорликнинг асосий мақсади аёллар бизнесини йирик инвестиция лойиҳалари билан боғлаш асносида уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
– Биз онгли равишда бир марталик молиявий ёрдам моделидан воз кечмоқдамиз. Бизнинг ёрдамимиз аёллар бизнесини энг йирик лойиҳаларимиз доирасида реал буюртмалар билан таъминлашдан иборат. Соддалаштирилган механизмлар ва узоқ муддатли шартномалар орқали тадбиркор аёлларни таъминот занжирларига интеграция қилиб, уларга юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган бизнесни шакллантиришда кўмаклашамиз. Ушбу ҳамкорлик энергетика соҳасида маҳаллий хизматлар бозорини ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади, – деди у.
Тадбир доирасида “Acwa” компанияси ва “Hamroh” аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат грантлар асосидаги анъанавий ёндашувдан воз кечиб, тўғридан-тўғри бизнес ҳамкорлик модели орқали аёллар учун реал иқтисодий имкониятлар яратишни назарда тутади.
Меморандум доирасида тадбиркор аёллар учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган “яшил йўлак” тизими ҳам жорий этилади. Унга кўра, воситачилар иштирокисиз тўғридан-тўғри шартномалар тузилади, комплаенс жараёнлари соддалаштирилади ва ҳамкорлик уч йиллик барқарор цикллар асосида йўлга қўйилади. Шунингдек, малака ошириш ва ўқув дастурларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА